“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракциялари йиғилишида муҳокама қилинди

16:34 - 20 декабр 2021 Янгиликлар
346

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият юритаётган барча сиёсий партияларнинг фракциялари йиғилишларида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул вакиллари иштирок этиб, фракциялар аъзоларига Қонун лойиҳасини қабул қилишнинг зарурати, аҳамияти ва кутилаётган натижалар юзасидан батафсил маълумот беришди.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларига ходимларни мустақил танлов асосида қабул қилиниши, уларга юклатилган функционал вазифаларни амалга оширишда натижадорликни таъминлаш мақсадида уларнинг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилиши, давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланиши, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатлари, хизматни ўташда касбий компетенцияларни ривожлантириб бориш бош мезон сифатида белгиланиши каби лойиҳанинг муҳим жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Фракция аъзолари ҳозирда давлат ҳокимият бошқарувининг ижро этувчи ҳокимият тизимига кирувчи давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар маъмуриятчилигига оид ягона қоидалар мавжуд эмаслиги ҳамда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мазкур соҳадаги муносабатларни қонун билан тартибга солинишига хизмат қилишини эътиборга олиб, уни бир овоздан қўллаб-қувватлаб, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тез орада қабул қилиш зарурати тўғрисида фикр билдиришди.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат фуқаролик хизмати билан боғлиқ муносабатларни қонун билан тартибга солинишига хизмат қилишини эътиборга олиб, лойиҳани қўллаб-қувватлашди.

Чоп этиш