Бугун ислоҳотларимизнинг халқ ҳаётида акс этишида ҳар бир давлат хизматчисининг масъулиятини ошириш муҳим
Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари учун ташкил этилган махсус ўқув курси давом этмоқда.
Бугун барча соҳалар каби давлат бошқаруви тизимини янгилаш соҳасида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу жараён янгидан таркиб топаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муносабатларнинг моҳиятини англаб, кун талабига жавоб берадиган янги раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш билан боғлиқ бўлди. Илк босқичларда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш соҳасида салмоқли натижаларга эришилди ва миллий менталитетга мос тизим шакллантирилмоқда.
Бироқ миллий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бугун давлат органлари ва ташкилотлари малакали мутахассислар билан етарли даражада таъминланмаётгани, кадрлар малакаси талаб даражасида эмаслиги, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар халқчил эмаслиги бу соҳадаги ишларни янада жадаллаштиришни тақазо этмоқда. Жумладан, халқчил давлат хизматини кўрсатишда туман (шаҳар) ҳокимликлари Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарларининг ўрни ва роли катта. Уларнинг билим ва кўникмаси даврга мос бўлиши, жадал ўзгариб бораётган шарт-шароитлар билан бир маромда ва ҳамоҳанг, баъзида эса даврдан ўзиб кетишини, такомиллашиб боришини таъминлаш муҳим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарларининг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш ҳамда профессионал жиҳатдан янада ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида махсус ўқув курси ташкил қилинди.
Бугун, ўқувнинг иккинчи кунида Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов ҳам иштирок этиб, кадрлар сиёсати, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш истиқболлари юзасидан иштирокчилар билан очиқ мулоқот қилди. Уларнинг олдида турган қатор муҳим вазифаларга тўхталди.
— Икки босқичда ташкил этилаётган ўқувда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш истиқболлари, маҳаллий ҳокимликлар Ташкилий-кадрлар гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этишдаги долзарб вазифалар, шунингдек, иштирокчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини профессионал жиҳатдан янада ривожлантиришга қаратилган тренинглар ташкил этилмоқда, — деди Агентлик Департамент мудири Боту Алимов. — Жумладан, 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, раҳбар ахлоқи ва бошқарув маданияти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Йўл харитаси тайёрлаш, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти каби мавзуларда профессорлар, вазирлик, идораларнинг амалиётчи мутахассислари томонидан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда. Қолаверса, ўқув курси тингловчилари дастурга асосан амалий машғулотлар давомида Шайхонтоҳур туманидаги “Сархумдон” МФЙ, Олмазор тумани 1-сектор штаби фаолияти билан танишиши ҳам режалаштирилган.
Икки босқичли ўқув курсида 200 нафардан ортиқ Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун ислоҳотлар суръати тез. Ҳудуд ва соҳаларни ривожлантириш бўйича белгиланаётган марралар давлат хизматининг ҳар бир йўналишида ишларни ташкил этишни юқори салоҳиятга эга кадрларга таянади. Бугунги қўйилаётган талабнинг ўзи ҳар бир соҳада замонавий ёндашувни жорий этишни талаб этмоқда. Ушбу ўқув курсида давомида олинган назарий ва амалий билимлар эса келгусида туман (шаҳар) ҳокимликлари Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарларига соҳадаги ислоҳотларни тўғри ташкил этишга яқиндан ёрдам беради.
Маълумот ўрнида, махсус ўқув курси якунида ўтилган мавзулар ва соҳага оид тест синови ўтказилади ҳамда ундан муваффақиятли ўтган тингловчиларга махсус Сертификат топширилади.