Халққа қонунлаштирилган хизмат кўрсатилади
Ҳадемай «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун кучга киради. Ҳужжатнинг 64-моддасига мувофиқ, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач, кучга кириши, яъни ноябрь ойи бошидан амалда бўлиши белгилаб қўйилган.
Очиқ айтиш керак, айни пайт матбуотда, ижтимоий тармоқда ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятини тушуниб етмасдан билдирилган турли талқинлар ҳам учраб турибди. Аслида, бир сўз билан ифодалаш жоиз бўлса, мен бу ҳужжатни «халққа хизмат қиладиган қонун», деб атаган бўлардим. Зеро, мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” тамойилини тўла рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди.
Қонун фалсафий нуқтаи назардан нарса ва ҳодиса ўртасидаги муҳим, зарурий, барқарор, такрорланувчи муносабат, юридик нуқтаи назардан эса давлат ҳокимияти олий вакиллик органи томонидан ёки бевосита халқ хоҳиш-иродасига кўра қабул қилинган ва қоида тариқасида энг муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи юридик ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур қонуннинг 5-моддасида давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қаторида халққа хизмат қилиш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.
Юртимизда кейинги йилларда халқ манфаати йўлидаги ислоҳотлар изчиллик касб этди. Давлат идоралари “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янгича ва халқчил тизимда ишлай бошлади. Давлат бошқаруви ва давлат хизматчилари оддий одамларга яқинлашди. Халқни эшитиш, муаммони тезкор ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди. Энди эса халққа хизмат қонунлаштириб қўйилди. Мазкур қонун нормаларининг самарали ижросини таъминлаш орқали кўп йиллардан буён ечимини топмаётган тизимли муаммолар ҳал қилинади, илғор халқаро стандартга жавоб берувчи – давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ-мажбурияти ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларига оид ягона тартибот тизими шакллантирилади. Энг асосийси, шаффоф танлов орқали давлат фуқаролик хизматига малакали кадрларни фаол жалб қилиш, уларнинг салоҳиятини ошириш, фидойи, халқпарвар ва садоқатли кадрлар захирасини яратиш, фаолият кўрсатаётган давлат фуқаролик хизматчилари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш борасида зарур ҳуқуқий шароит яратилади.
Шунингдек, қонун давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозим тоифаси ва малака даражасини, давлат фуқаролик хизматига кириш, хизматни ўташ ва тугатиш жараёнининг ягона тартиботини, кадрлар касбий-маънавий фазилати ва алоҳида хизматларни объектив ҳамда адолатли баҳолаш асосида хизмат поғонаси бўйича ўсиш кафолатини, умуман, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солишни назарда тутади.
Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик, идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолият самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалалари билан боғлиқ ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади.
Қонуннинг 2022 йил қабул қилинишида ҳам рамзий маъно бор, деб ўйлайман. Зеро, жорий йил мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили“ сифатида эълон қилинган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мудом таъкидлаганидек, «Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлиги, қонуний манфаатини таъминлаш демак.
Кучга киришига саноқли кунлар қолаётган ушбу қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланган.
Қонунда мустаҳкамлаб қўйилган асосий нормалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида акс этган. Мазкур Фармон билан тузилган Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ўтган уч йилга яқин вақт ичида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасида етарли амалий тажриба тўплади.
Агентлик амалий тажрибадан келиб чиқиб, қонунда белгиланган ваколати доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва натижаларни таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат идоралари раҳбарлари очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади. Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояланиши учун тегишли шарт-шароит яратишга кўмаклашади.
Бугунги кунда Агентлик ва бошқа тегишли идораларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган, жумладан, Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, тадбиркорлик билан шуғулланиб келган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриши тартиби, давлат фуқаролик хизматчиси шуғулланиши мумкин бўлмаган ҳақ тўланадиган фаолият турлари рўйхати, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва бундай муаммоларни ҳал этиш тартиби, Давлат фуқаролик хизмати лавозимлари давлат реестри, Миллий кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш тартиби, Мониторинг ўтказиш тартиби, Танлов ўтказиладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари ва танлов ўтказиш тартиби каби йигирмадан ортиқ қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш қизғин давом этмоқда.
Юқорида қайд этилганлардан Давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолаш услубиятини тасдиқлаш тўғрисидаги ва Давлат фуқаролик хизмати соҳасида мониторинг ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги юридик ҳужжат лойиҳалари “regulation.gov.uz” норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган.
Бугун «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни баҳоли қудрат халқчил тилда тушунтиришга, давлат хизматчисининг вазифаси, мажбурияти ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилдик. Айни мулоҳаза - бир дебоча. Зеро, ҳали мазкур қонун атрофида кўп фикр билдирилади, бунга шубҳа йўқ. Бир нарса аниқ-ки, бу ҳужжат халққа хизмат қилади! Амалиётга татбиқ этилгандан кейин қонуннинг аҳамияти, моҳияти янада ёрқин намоён бўла боради.
Ўктам ҲАМРАЕВ, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент