Вазирлик ва идоралар раҳбар кадрлари малакасини оширмоқда
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 8 май кунидан бошлаб Агентлик томонидан вазирлик ва идоралар марказий аппаратларида фаолият юритаётган таркибий бўлинмалар раҳбар кадрлари (департамент, бошқарма, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари) учун Давлат бошқаруви академиясида 56 соатлик (6 кунлик) махсус малака ошириш курслари йўлга қўйилди.
Мақсад — вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг марказий аппаратларида фаолият кўрсатаётган бошқарув кадрларининг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш ҳамда бошқарув салоҳиятини янада ривожлантиришга кўмаклашиш.
Мазкур малака ошириш курсларининг ўқув машғулотлари Академиянинг профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза (суҳбат) ва тренинг шаклида ўтказилмоқда.
Ўқув курси доирасида тингловчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар, давлат сиёсатини шакллантириш механизмлари, кадрлар сиёсати, давлат фуқаролик хизмати, раҳбарларда низоли вазиятларни оқилона ҳал қилиш ва бошқа муҳим мавзуларда билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Мазкур ўқув курсининг 1-босқичи якунланди. 47 нафар тингловчига сертификат топширилди. Ҳозирда ўқувнинг 2-босқичи бўлиб ўтмоқда.
Йил якунига қадар Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда 800 нафар вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг марказий аппаратларида фаолият кўрсатаётган бошқарув кадрларини ўқитиш режалаштирилган.