Янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳиятини барча бўғиндаги давлат фуқаролик хизматчиларига етказиш мақсадида ўқув-семинарлар бошланди

15:58 - 7 сентябр 2023 Янгиликлар
474

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ўқувлар бугун старт олди. Семинарлар барча вазирлик, идоралар ва уларнинг қуйи тузилмалари, ҳокимликларда жорий йилнинг 27 сентябрига қадар давом этади.

Ўқувлар самарадорлигини ошириш мақсадида тажрибали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди.

Ўқув Давлатимиз раҳбарининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-67-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган конституциявий нормаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш барча соҳаларда “инсон қадри”нинг том маънода юксалишига, давлат ва жамият ҳаётини “инсон – жамият – давлат” деган тизимга асосланган янги ва замонавий тарзда бошқариш имконини беради.

Шу боисдан, янги таҳрирдаги Конституция ижросини тўлиқ таъминлаш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифасидир.

Шу мақсадда белгиланган чора-тадбирлар дастурига кўра, давлат фуқаролик хизматидаги ходимларнинг янги конституциявий талабларга риоя этиш борасидаги билим ва малакасини ошириш мақсадида Дастур ишлаб чиқилди.

Дастур биринчи босқичига мувофиқ ўқув-семинарларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажрибали ҳуқуқшунос (сиёсатшунос) иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди.

Семинар дастурига мувофиқ давлат фуқаролик хизматчиларига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан вазирлик ва идораларда амалга ошириладиган биринчи навбатдаги устувор вазифалар, бош қомусимизнинг асосий принциплари, инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс масалалари, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ҳамда сайлов тизимидаги фундаментал вазифалар тўғрисида маъруза ва тақдимотлар қилиниши белгиланди. 
Ўқувда барча бўғинда фаолият юритаётган давлат хизматчиларини қамраб олиш режалаштирилган. Шунингдек, семинарларда ОАВ ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этади.

Маълумот учун: бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлигида семинарлар ташкил этилди ва 2 минг нафардан ортиқ давлат хизматчилари қамраб олинди. 

 

Чоп этиш