Давлат бошқаруви соҳасида Япония тажрибаси ҳам ўрганилади
Давлат бошқарувида ислоҳотларни халқ ҳаётида акс эттириш бугунги кунда аксарият давлатлар олдида турган долзарб вазифа.
Мамлакатимизда ҳам бу борада қатор ижобий натижаларга эришилмоқда. Бугун халқимиз ҳар бир ислоҳот, ўзгаришни ўз ҳаётида, турмушида кўришни хоҳлайди. Бунда эса салоҳиятли давлат хизматчисининг профессионал фаолияти муҳим. Шу боис, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланган стратегиямиздан келиб чиқиб, қатор ривожланган давлатлар тажрибасини ҳам ўрганмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Мухсинхўжа Абдурахмонов ўртасидаги онлайн учрашувда шу ва қатор масалалар ҳақида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Япониянинг давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизими ғарбий моделлар асосида шакллантирилганига қарамай, ўзининг анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлган давлат сифатида эътиборга молик.
Мулоқотда замонавий талаблар асосида давлат хизматчиларини малакасини ошириш, кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, хорижда қисқа ва узоқ муддатли стажировкаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида Агентлик томонидан амалга оширилаётган ишлар, олдига қўйилган муҳим вазифалар ҳақида маълумот берилди.
— Ўтган қисқа вақт ичида Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш, инсон ресурсларини ривожлантириш борасида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди. Энг муносиб кадрларни давлат фуқаролик хизматига жалб этиш мақсадида очиқ мустақил танловларни ташкил этиш ишлари бошланди. Давлат хизматчиларининг билимини синовдан ўтказиш ва психологик портретини шакллантириш мақсадида давлат хизматчиси тести модули ишлаб чиқилди. Миллий кадрлар захираси ҳам яратилди ва шакллантирилиб борилмоқда. Ностандарт форматда экспресс-тренинглар ташкил этилиб, давлат хизматчилари малакаси оширилиб келинмоқда, — деди мулоқот бошида О.Хасанов.
Шунингдек, Отабек Хасанов қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан:
— юқори лавозимдаги давлат хизматчилари учун Японияга қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича 10-15 кишилик гуруҳни шакллантириш ва малака оширишга юбориш;
— Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида давлат хизматчиларини 3 ойдан 6 ойгача бўлган узоқ муддатли стажировкага юбориш бўйича кичик гуруҳларни шакллантириш ва амалга ошириш;
— Агентлик ходимлари учун малака ошириш курслари ва стажировкаларни ташкил этиш.
Элчи М.Абдурахмонов билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, давлат хизматчиларимизнинг Японияда малака ошириш, стажировка ташкил этиш ташаббусини маъқуллади.
Шунингдек, жорий йилнинг декабрь ойида бир гуруҳ япониялик олимларнинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётганлиги, улар билан ҳам учрашув ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканлигини билдирди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг тематикасини ишлаб чиқиб, малака ошириш ва стажировкаларни бошлаш масалалари бўйича келишиб олинди.