Бир гуруҳ давлат хизматчилари Туркияда

10:47 - 25 март 2022 Янгиликлар
682

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида  Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан ҳудуддаги бир гуруҳ давлат хизматчилари, Агентлик вакиллари ва Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлардан иборат делегация бошқарувда Туркия тажрибасини ўрганиш мақсадида малака оширишга юборилди.

Хизмат сафари давомида Анқара, Истанбул ва Коня муниципалитетларига ташриф буюриш ва шаҳарсозлик, энергетика, саноат зоналарини ташкил этиш, транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, сув ресурслари ва ирригация тизимларини бошқариш каби соҳаларда учрашувлар ҳамда амалий машғулотлар ташкил этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон делегацияси вакиллари олдига давлат бошқаруви ва давлат хизматида илғор ахборот-коммуникация тизимлари, Smart City, 5G технологияларини жорий қилиш каби йўналишларда тажриба орттириш ҳамда давлат хизматида рақамлаштириш, инсон ресурсларини бошқариш бўйича жорий қилинган ахборот-электрон платформаларини ўрганиш вазифалари қўйилган.

Айни шу мақсадда делегация аъзолари Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси амалий ёрдами ва бевосита ҳамроҳлигида Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги, Саноат ва технологиялар вазирлиги, Транспорт ва инфратузилма вазирлигида учрашув, семинарларда иштирок этиб, Туркияда жорий қилинган энг яхши тажрибалар билан танишишди.

Хусусан, Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлигида ўтказилган учрашувда замонавий шаҳарларни барпо этиш, ҳудудларда қурилишларни режалаштириш, табиатни муҳофаза қилиш, яшил технологияларни жорий қилиш, углерод нейтраллигига эришиш ва иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини олдини олиш борасида инновацион ечимлар, уларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш имкониятлари ўрганилди.

Энергетика ва табиий ресурслар вазирлигида замонавий барқарор энергия станцияларини қуриш ва бошқариш, шамол ресурслари, биочиқиндилардан самарали фойдаланиш, қуёш панеллари орқали электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш, давлатнинг бу борадаги қонунчилик тизими тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Саноат ва технологиялар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Туркия давлатининг уюшган саноат зоналарини барпо этиш соҳасидаги тажрибаси, унинг ҳуқуқий асослари, амалга ошириш тартиб ва тамойиллари, ташкил этилган саноат зоналари фаолиятига алоҳида урғу берилди.

Транспорт ва инфратузилма вазирлигида ташкил қилинган учрашувда Туркия давлатининг енгил темир йўлларни (трамвай ва метро) қуриш, ақлли шаҳар ташкил этиш борасида эътибор қаратилиши зарур бўлган омиллар, транспортлар ҳаракатини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш бўйича тажрибалари билан танишилди.

Шунингдек, сафар давомида Туркиянинг Миллий таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя институтлари, Давлат сув ишлари бошқармаси, Коня шаҳри ҳокимияти ҳамда Истанбул шаҳридаги “Emlak Konut” компаниясида учрашув ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Чоп этиш