Давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформаси нима?
Давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформаси – бу давлат кадрлар сиёсати йўналишида ички ташкилий ривожланиш эҳтиёжлари ва ташқи муҳитнинг доимий ўзгариб борувчи талаблари шароитида стратегик мақсадлар ва энг муҳим бўлган вазифаларга эришиш учун зарур бўлган устувор йўналишлар ва ёндашувларни доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган умумий қарашлар тизимидир.
Ушбу концептуал тизим ходимларни бошқариш ва уларни ривожлантириш бўйича ислоҳотларни мунтазам равишда такомиллаштириб борилишини англатади. Бунинг учун эса, давлат кадрлар сиёсати йўналишида ҳар томонлама асослантирилган доимий таҳлилларга таянган стратегик режалаштириш фаолиятини йўлга қўяди.
Мақсад – давлат фуқаролик хизматини истиқболли, профессионал, малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг салоҳиятидан самарали ва оқилона равишда фойдаланиш ҳамда доимий ривожлантириб бориш, ҳуқуқ, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ягона қарашлар, тамойиллар, устувор йўналишлар, ёндашувларни ифодалашдан иборат.
Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматини трансформацияси ва унинг ғоявий платформаси ҳуқуқий асослари давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5843-сон Фармон билан яратилди.
Фармон билан илк бор қонунчиликка давлат фуқаролик хизмати ва унинг трансформацияси тушунчаси киритилди. Мазкур соҳада махсус ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Агентликка давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини, уни ривожлантириш дастурлари ҳамда лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат фуқаролик хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:
замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформаси ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги сиёсатнинг асосий йўналишларини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришга, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида илғор халқаро стандартлар ва энг яхши хориж амалиётларини жорий этишга қаратилган давлат дастурлари ҳамда лойиҳаларини ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ташкилий тузилмасини уларнинг бўлинмалари ишини самарали ташкил этиш, бир-бирини такрорловчи вазифа ва функцияларни бекор қилиш нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ва улар фаолиятини оптималлаштириш бўйича таклифлар киритиш;
давлат фуқаролик хизмати, шу жумладан кадрларга оид иш юритиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг маълумотлар базасини шакллантириш масалаларида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига услубий раҳбарликни амалга ошириш;
давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритиш функциялари юклатилди.
Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматига илк бор очиқ танлов асосида қабул қилиш (vacancy.argos.uz), давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш (ЭМСК, KPI), давлат хизматчилари билимларини онлайн баҳолаб бориш (test.argos.uz), давлат хизматчилари малакасини узлуксиз ошириб бориш (ilm.argos.uz) ҳамда истиқболли кадрлар селекциясини амалга ошириш каби ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида илғор халқаро стандартлар, энг яхши хориж амалиётлари жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, давлат фуқаролик хизмати трансформацияси ғоявий платформасининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириб бориш мақсадида Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда ҳозирда Олий Мажлис Сенати томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, давлат фуқаролик хизмати трансформациясининг ғоявий платформасини такомиллаштиришдаги яна бир муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5-сон фармойиши билан ташкил этилган махсус комиссия ва ишчи гуруҳ томонидан давлат бошқаруви органларининг кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистонда натижага йўналтирилган давлат бошқаруви тизими ва давлат хизмати фаолиятини истиқболда барқарор ривожлантириш ва самарадорлигини оширишда сифатли давлат фуқаролик хизматини шакллантириш ва такомиллаштириш бўйича Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси тайёрланди.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, давлат фуқаролик хизмати трансформацияси бугун юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони бўлган “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “халқпарвар давлат”ни шакллантиришга қаратилган узлуксиз жараён сифатида намоён бўлади.
Алишер Эранов,
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги департамент мудири