Кадрларни ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизими такомиллашиб бормоқда

10:12 - 2 август 2022 Янгиликлар
715

Камчилик бор — ечим ҳам!

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тизим ходимларини тренер сифатида тайёрлаш мақсадида семинар-тренинг ташкил этди.  Улар ҳудудларда очиқ мустақил танловларни ўтказишда суҳбат комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириб боради. Ўқувда Агентлик Марказий аппарати масъул вакиллари,  филиалларидаги бош ва етакчи инспекторлар, ОАВ иштирок этмоқда.

Барчага маълумки, бугун давлат органи ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимиятлар Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ порталидан кенг фойдаланиб, вакант лавозимлар учун танловлар эълон қилиб келмоқда.

Танлов жараёнлари бир неча босқични ўз ичига олиши, шунингдек, ўтказилаётган танловларнинг сони кўплиги сабаб, камчиликлар ҳам учрамоқда. Агентликнинг телеграм боти орқали охирги 6 ой ичида келиб тушган мурожаатларнинг (жами 18 994 та мурожаат) 11 825 таси (62%) бевосита  танловга оиддир.

Мазкур мурожаатларнинг салмоқли қисми суҳбат жараёнлари билан боғлиқ. Ҳудудларда ташкил этилаётган суҳбатларда Танлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмалари белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаётганлиги таъкидланган.

Шунингдек, мазкур жараёнларни самарали ташкил этиш ҳамда танловнинг суҳбат босқичини такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 18-22 июль кунлари Агентлик филиаллари ходимлари иштирокида кадрлар салоҳиятини баҳолашда суҳбат усуллари, тартиби ва методлари бўйича сўровнома ўтказилди. Сўровномада ҳудудларда суҳбат (интервью)лар давомида энг кўп учрайдиган хато ва камчиликлар ўрганилди. Тизимни такомиллаштириш юзасидан таклифлар олинди.

Ҳозирда суҳбат босқичидаги муаммоларни бартараф этиш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва органларида фаолият юритаётган танлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмаларини ривожлантириш муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Ўқув давомида суҳбат ўтказиш тартибининг меъёрий-ҳуқуқий асослари, суҳбатни ташкил этиш ва уни ўтказишда махсус комиссияга қўйилган талаблар, ҳудудларда суҳбат жараёнида юзага келаётган муаммолар таҳлили, суҳбат давомида ўрганилиши лозим бўлган компетенциялар ва уларни аниқлаш усуллари, суҳбат (интервью) ўтказиш кўникмаларини шакллантириш каби мавзуларда тренинглар ўтказилади, иштирокчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмалари профессионал жиҳатдан янада ривожлантирилади.

 

Чоп этиш