Қорақалпоғистон ва Хоразмда фаолият юритаётган ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрлари учун малака ошириш курси ташкил этилди
Давлат бошқаруви академиясининг Урганч ҳудудий филиалида ташкил этилган ўқув 56 соатга мўлжалланган.
Таъкидлаш керакки, бугун давлат фуқаролик хизмати барқарорлиги, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш — давлат хизматчисининг касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмасига боғлиқ.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда ҳам давлат фуқаролик хизматчилари ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шартлиги белгиланган.
Шу мақсадда, Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилояти давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрларининг касбий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган малака ошириш курси ташкил этилди.
Ўқув дастури тингловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳадаги билимларни оширишга, миллий қадриятларини мустаҳкамлашга ҳамда шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Машғулотларни тажрибали мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчилар олиб бормоқда.
Якунда иштирокчиларнинг янги олган билимлари тест синовлари, шахсий ва касбий кўникмалари эса психодиагностик тестлар орқали баҳоланади.