Давлат органлари ва ташкилотларида замонавий кадр технологияларини жорий этиш — долзарб масала
Мамлакатимизда замонавий давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш давлат бошқарув тизими самардорлигини оширишдаги асосий вазифаси бўлиб, ушбу тизимдаги давлат хизматчиларининг самарали фаолият олиб бориши давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, қарорлар ва дастурларнинг сифатли амалга оширилишига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.
Ушбу вазифани давлат органлари ва ташкилотларида тўғри бажарилиши асосан кадр сиёсати ва кадрларни бошқаришда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланишга боғлиқ. Ўз навбатида, персоналдан самарали фойдаланиш натижасида давлат органи ва ташкилот кадрларини бошқариш самарали тизими яратилиб, республикада замон талабига мос давлат хизмати шаклланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунида белгиланган асосий мақсадлардан бири — Ўзбекистон Республикасида давлат фуқаролик хизматини жорий қилишда самарали ва замонавий кадрларни бошқариш технологияларини ва усулларини жорий қилиш. Шунингдек, ушбу жараёнларда ахборот коммуникация технологиялардан кенг фойдаланиб, автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Қонуннинг 27 ва 29-моддаларида давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда лавозимни эгаллаш танлов асосида муносиб кадрларни танлаб олиш ҳамда ушбу жараёнда замонавий усулидан фойдаланиш назарда тутилган.
Очиқ мустақил танлов орқали кадрларни ишга қабул қилиш учун Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (https://vacancy.argos.uz/) яратилди.
Бугунги кунда 72 та вазирлик ва идоралари ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 100 мингдан ортиқ вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 1 миллион 260 минг нафарга яқин номзодлар томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар топширилган.
Шунингдек, Агентлик томонидан яна бир ахборот технологияси жорий этилган бўлиб, бу шахсни малакавий қобилиятларини, билимини, маънавиятини ҳамда психологик ҳолатини аниқлайдиган махсус модуль — https://test.argos.uz тест топшириш тизимидир. Тизим доирасида давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули яратилган. Мазкур модуль орқали барча вазирлик ва идораларда ташкил этилаётган танловларнинг тест босқичлари ўтказилмоқда.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кадрларнинг самарадорлиги — кадр бошқарувидаги долзарб муаммолардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Давлат бошқарувидаги натижадорлик ва самарадорлик нафақат сифатли кадрларни ишга қабул қилиш ва танлашга, балки ходимлар фаолиятини одилона баҳолаш тизимини ҳам шакллантиришга боғлиқ бўлади.
Хорижий тажрибада замонавий кадр технологияларидан яна бири сифатида кадр аудити ҳам фойдаланилмоқда. Кадр аудити давлат органи ва ташкилотлардаги кадрлар салоҳиятини ва персонални бошқариш тизимини баҳолаш ҳамда натижаси бўйича тавсияларни ишлаб чиқишни ўзида мужассам этган бир яхлит жараёндир.
Кадр аудитининг мақсади давлат органи ва ташкилотда кадрлар бошқарувининг жорий ҳолатини, ходимларининг ўз мажбурият ва вазифаларини бажариш сифатини, улар томонидан олиб борилаётган фаолият қанчали ташкилот вазифаларига мос келишини ўрганишдан иборат.
Шунингдек, аудит жараёнида ташкилотнинг тузилмаси унинг функция ва вазифалари, мақсади ва ваколатига мослиги таҳлил қилинади. Ушбу маълумотлар асосида ташкилот фаолиятининг самарадорлигига таъсир қиладиган омил ва муаммоларни юзага чиқариб, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Кадр аудити икки йўналишда олиб борилади: ички аудит ва ташқи аудит. Ички аудит давлат органи ва ташкилот кадр бўлинмаси томонидан олиб бориладиган бўлса, ташқи аудит мустақил экспертлар гуруҳи томонидан амалга оширилади.
Ҳозирги вақтда асосан хусусий секторда оммалашган бу турдаги кадр технологияси давлат хизматига ҳам жадал равишда кириб келмоқда. Кадр аудити орқали давлат хизматининг самардорлиги, унда фаолият олиб бораётган кадрлар салоҳияти таҳлил қилинади ва ундан давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилишда ёрдам сифатида қўлланилмоқда.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кадр бошқарувида яна бир кенг тарқалган замонавий кадр технологиялардан бири HR-метрика технологияси. Ушбу технология асосан ташкилот кадр бўлинмаси фаолиятини баҳолаш учун кенг фойдаланилиб, ташкилотдаги кадр сиёсати, режалаштириш қанчалик самарали ташкил этилганлигини ҳамда инсон ресурслари имкониятларидан тўла фойдаланилишини акс эттиради.
HR-метрика ташкилот ходимлари тўғрисидаги кадрлар қўнимсизлиги, вакансиялар бўйича маълумотлар, лавозимда кўтарилиши, ротация, ўртача меҳнат стажи, ёши ва жинси бўйича таркиби, ишда йўқ бўлган вақти (абсентизм), инсон ривожлантиришга сарфланган харажатлар каби маълумотларни ўз ичига олади.
Ушбу замонавий кадр технологиясини тажриба асосида вазирлик ва идораларга жорий этиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Агентлик томонидан вазирлик ва идораларда инсон ресурсларини бошқариш фаолияти баҳоланиб, юқори кўрсаткичларга эга бўлган давлат органлари кадрлар бўлинма раҳбарлари Кореяга хорижий стажировкага юборилди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат органлари ва ташкилотларга инновацион кадр технологияларини жорий этиш республикамизда давлат фуқаролик хизматини ривожланириш жараёнини жадаллаштириб, ҳозирги вақтда қўйилаётган талаб ва эҳтиёжларга тўлиқ жавоб берадиган кадрлар таркибини такомиллаштиришга олиб келади.
Мухсина Хусанова,
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги бош инспектори