Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодлар стажировка ўташди

10:22 - 23 март 2023 Янгиликлар
808

Стажировка 2 ҳафта давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари раислигида 2022 йилнинг 4 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида Агентликка маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган 1 000 нафарини Салоҳиятли кадрлар резервига киритиш вазифаси берилди.

Салоҳиятли кадрлар резерви учун 754 нафар ҳоким ёрдамчилари, 196 нафар ёшлар етакчилари ва 50 нафар хотин-қизлар фаоллари саралаб олинди.

Агентлик томонидан Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш, уларнинг ичидан энг салоҳиятлиларини саралаш, юқори лавозимларга тавсия этиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, номзодлар бир йилга мўлжалланган “Шахсий ривожланиш режаси”ни ишлаб чиқишди, “Давлат фуқаролик хизматчилари учун махсус масофавий малака ошириш курси”да турли соҳалар бўйича билим ва кўникмаларини оширишди.

Шунингдек, номзодларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармаларида стажировка ўташини таъминлаш мақсадида Агентликнинг ҳудудий филиаллари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан стажировка ўташ графиклари ишлаб чиқилди.

Мақсад – номзодларнинг билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш, ўзларининг хизмат вазифаларини самарали амалга ошириш учун касбий малака ва бошқарув маҳоратини оширишдан иборат.

Номзодлар 2 ҳафта давомида ўзлари бириктирилган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, республика давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари (департамент, бошқарма, бўлим) раҳбарлари ёки уларнинг биринчи ўринбосарлари назорати остида ташкилот ва унинг фаолияти билан яқиндан танишиш, иш жараёнларида фаол иштирок этиш, ташкилотнинг тегишли ҳужжатлари ва материаллари билан ишлаш имкониятига эга бўлдилар.

Стажировка якунлари бўйича номзодлар стажировка раҳбари томонидан махсус баҳолаш бланкаси асосида баҳоланди.

Стажировка раҳбарлари номзодларни баҳолашда уларнинг меҳнатсеварлиги, интизомлилиги, масъулиятлилиги, билим даражаси, лидерлик хислатлари, касбий профессионализми, одоби ва муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратишди.

Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодларнинг “Шахсий ривожланиш режаси”нинг бажарилиши, масофавий малака ошириш курси, ташкил этилган ўқув курси ҳамда амалиётни ўташ натижалари Агентликнинг махсус электрон платформаси (zaxira.argos.uz) орқали шакллантирилиб борилади. Номзодларнинг натижалари асосида уларнинг рейтинги юритилади. Рейтинг кўрсаткичлари бўйича “олтин”, “кумуш” ва “бронза” захираларига ажратилади.

“Олтин” захирага киритилган номзодларни бир ой муддатда хорижий стажировкага юбориш ва раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш кўзда тутилган.

 

Дилшодбек Сайидахмедов,

Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги масъул ходими

 

                                                                

Чоп этиш