Меҳнат муносабатларига оид яна бир халқаро Конвенция ратификация қилинди
Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш, инсон ҳамда унинг бахт-саодатига хизмат қилиш, халқ фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш каби инсонпарварликнинг асосий мезони мужассам, десак, айни ҳақиқат.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш масаласида ҳам тизимли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўтган йиллар давомида ижтимоий меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги фаолият ҳам мунтазам равишда такомиллаштириб борилди. Бу борада ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига дахлдор амалий ишлар статистик маълумотлар орқали янада аниқроқ тасаввур уйғотади.
Эътиборлиси шундаки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат соҳасидаги қонунлари ва ҳуқуқий-норматив ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ғоятда кенг ҳамда муҳим. Юртимизда охирги йилларда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан юксак эътироф этилаётгани ҳам ҳақиқат.
Яқинда меҳнат муносабатларига оид халқаро ҳужжат, хусусан, Президентимиз томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ–840, 06.05.2023 й.) билан Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенцияси (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилинди. Бу ҳам ушбу йўналишда қўйилган муҳим қадамлардан биридир.
Хўш, ушбу Конвенцияни ратификация қилишдан кўзланган мақсад нима? Умуман, ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти нималардан иборат?
Таъкидлаш жоизки, Конвенциянинг асосий мақсади миллий қонунчилик ёки меъёрий ҳужжатлар орқали иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва чеклашга қаратилган чора-тадбирларни белгилашдан иборат.
Конвенциянинг ратификация қилиниши ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратиш имконини бериши ва меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга сезиларли туртки беради.
Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилотининг мазкур конвенцияси муҳим халқаро стандартларни татбиқ этиш учун қўшимча имкониятларни ҳам яратади. Конвенция ратификацияси билан бирга, албатта, тегишли миллий қонунчилик хужжатларимизни ҳам ушбу Конвенцияга имплементация қилиш ҳам долзарб масала.
Келинг, Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенцияси ҳақида кенгроқ маълумотлар бериб ўтсам.
Мазкур Конвенция 5 та боб ва 24 та моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади миллий қонунчилик ёки қоидалар орқали иш жойларида ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарлардан огоҳлантириш, уларни чеклашга ҳамда ушбу хатарлардан ҳимояланишга йўналтирилган чоралар қабул қилинишини белгилайди.
Ушбу Конвенция элликка яқин давлатлар томонидан ратификация қилинган бўлиб, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия каби европа давлатлари ҳамда МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон Республикалари ва Россия Федерацияси шулар жумласига киради.
Конвенциянинг ратификация қилиниши иш жойларида меҳнат шароитларини, жумладан зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, шунингдек, меҳнат шароитларини қонун ҳужжатларижа белгиланган талабларга мувофиқлаштириш мақсадида иш ўринлари меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказишни назарда тутади.
Мазкур Конвенцияга қўшилиш Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамкорлигида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчилигимизга жорий этиш бўйича изчил чораларни кўришга хизмат қилади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Халқаро конвенцияларни ратификация қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси томонидан ноёб тажриба қўлланилмоқда. Яъни халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилиш амалиёти йўлга қўйилган.
Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг 148-сонли Конвенциясида белгиланган талаблар янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексининг меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ XIII боби, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг ўндан ортиқ моддалари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ва 300 дан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилишга оид қоидалар ва меъёрлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланган.
Ўз навбатида, ХМТнинг 148-сонли Конвенцияси ратификация қилиниши, миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида белгиланган, иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасидаги халқаро стандартларнинг самарали жорий этилиши ва бажарилишига хизмат қилади.
ХМТга аъзо давлат у ёки бу конвенцияни ратификация қилганда ундаги қоидаларни миллий қонун ҳужжатларида ва амалиётда қўллаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шундан келиб чиқиб, ушбу конвенция ратификацияси меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширувчи органлар, шунингдек, касаба уюшмалари ва, албатта, иш берувчилар масъулиятини янада оширади, албатта.
Муборак УСМОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори
Манба: ЎзА