Ўзбекистон делегацияси Сингапурнинг PSB Академияси раҳбарияти билан учрашди
Ўзбекистон делегациясининг Сингапурга ташрифи доирасида бугун PSB Академияси ижрочи раиси Вива Синниа билан учрашув бўлиб ўтди.
PSB Академияси қарийб 60 йиллик тарихга эга. Сингапурнинг энг илғор хусусий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Мазкур таълим даргоҳини ҳозирги кунга қадар 200 мингдан ортиқ талаба тамомлаган.
Учрашувда В.Синниа PSB Академиясининг мақсад ва вазифалари, таълим йўналишлари ҳамда халқаро ҳамкорлиги тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, мазкур Академия асосий эътиборни бугун дунёда рақамли иқтисодиёт шаклланаётган бир вақтда унга керак бўладиган самарали кадрларни тайёрлашга қаратади. Бу борада PSB Академияси қатор соҳавий ва халқаро ҳамкорлар билан яқиндан ишлаб келмоқда.
Ҳар йили ушбу муассасага 16 минг нафар талаб қабул қилинади. Унинг таркибида бизнес ва менежмент, муҳандислик ва технология, соғлиқни сақлаш ва табиий фанлар мактаблари ҳамда рақамли академия фаолият юритади. Бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари билан биргаликда PSB Академиясида қисқа муддатли малака ошириш курслари ҳам мавжуд.
Суҳбат чоғида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий фаолият йўналишлари, мамлакатда бугунги кунда самарали давлат хизматини жорий қилишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, томонлар коррупцияга қарши курашиш, менежмент, рақамли иқтисодиёт, инсон ресурсларини бошқариш соҳаларида давлат хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотлар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сингапурга хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафар Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Самарали давлат бошқаруви” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.