Ёшлар етакчиларини раҳбарликка тайёрлаш бўйича махсус ўқув-амалий семинар бошланди

14:39 - 15 январ 2024 Янгиликлар
1649

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизим ташкил этилди, ёшлар етакчилари институти жорий қилинди, уларга зарур шарт-шароитлар яратилди. Бугунги кунда улар ёшларнинг чинакам таянчига айланди.

Сўнгги йилларда ёшлар етакчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда касбий ўсишини таъминлаш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат бошқаруви академияси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

200 нафардан ортиқ Ёшлар етакчилари Салоҳиятли кадрлар резервига киритилди, уларнинг 22 нафари, жами ёшлар етакчиларининг эса 500 нафардан ортиғи лавозим бўйича кўтарилди. Ҳар бир ҳудудда “Келажак лидерлари” клублари ташкил этилди, уларга истиқболли Ёшлар етакчилари аъзо бўлди.

Давлат бошқаруви академиясида “Келажак лидерлари” махсус ўқув курси ташкил этилди, унинг доирасида ёшлар етакчилари вазирлик ва идораларда стажировка ўтади.

Ёшлар етакчилари орасидан салоҳиятли ва иқтидорлиларини ажратиб олиш, уларни мақсадли равишда раҳбарликка тайёрлаш ва кадрлар захирасига киритиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 100 нафар ёшлар етакчиси саралаб олинди.

Саралашда олий маълумотга эгалиги, Салоҳиятли кадрлар резервига киритилганлиги, намунали фаолият кўрсатаётганлиги, турли танловларда совринли ўринларни эгаллаганлиги, ЭМСК натижасининг юқорилиги ҳамда маҳалладаги ёшларнинг ижобий фикри асосий мезонлар сифатида хизмат қилди.

Сараланган ёшлар етакчилари учун Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда 24 соатлик махсус ўқув-амалий семинар дастури ишлаб чиқилди.

Дастур ёшлар етакчиларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳадаги билимларини ошириш, миллий қадриятларини шакллантириш ҳамда шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унда вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари билан амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан мулоқот ташкил этилади.

Ёшларнинг шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш бўйича тренинглар ўтказилади, турли долзарб мавзулар юзасидан давлат ва жамоат арбоблари, таниқли олим ва педагоглар томонидан тақдимотлар ташкиллаштирилади.

Махсус ўқув-амалий семинар якунида тест синови ва ижтимоий-психологик сўровнома ўтказилади, натижалари бўйича Ёшлар етакчиларининг портфолиолари ишлаб чиқилади.

Юқори натижаларга эришган ёшлар етакчиларини туман (шаҳар) ва ҳудуд даражасидаги раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш режалаштирилган. 

Ўқувнинг очилиш маросимида сўз олган масъул раҳбарлар соҳага оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, Давлатимиз раҳбарининг ёш кадрларга қўяётган талаблари, дастурнинг мақсад ва вазифалари, давлат фуқаролик хизматини ривожлантиришда салоҳиятли ёшларнинг ўрни юзасидан муҳим фикрларни билдиришди.  

Чоп этиш