Республика бўйлаб туман, шаҳарларда фаолият юритаётган “маҳалла еттилиги” учун қисқа муддатли семинарлар бошланди

11:07 - 30 январ 2024 Янгиликлар
1916

Маҳалла — халқимизнинг турмуш тарзи, маънавий эҳтиёжи, тафаккури, инсонларнинг ўзаро қўшничилик алоқалари, оилавий муносабатларни шакллантирувчи ўзига хос маскан ҳисобланади. Бугун маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни, нуфузи янада мустаҳкамланиб, у аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатишнинг адолатли ва таъсирчан институтига, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатадиган, одамларга энг яқин халқчил тузилмага айланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони маҳалла нуфузини ошириш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Мазкур Фармонда халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини бажарувчи маҳалла тизимида фаолият кўрсатаётган “маҳалла еттилиги”нинг аниқ вазифалари белгиланган. Шу билан бирга, янги бошқарув тизими – Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди.

Шунингдек,  бугунги кунга қадар самарали ишлаган маҳалла “бешлиги” тизимига эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида солиқчи ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, “еттилик” тарзида иш олиб бориши белгиланди.

“Маҳалла еттилиги” томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишга кўмаклашиш, маҳалладаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтириш, маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳам қайд этилган. 

2024 йил 1 январдан бошлаб барча туман ва шаҳарларда “Маҳалла бюджети” тизими амалиётга жорий этилди. Мазкур бўғинда яна кўплаб янгилик ва ўзгаришлар кутилмоқда. Бу эса тизим фаолиятини шунга мос тарзда, янгича асосда йўлга қўйишни тақозо этади.

Белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли амалга оширишни ташкил қилиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар бир туман (шаҳар)даги “маҳалла еттилиги” ўқитилмоқда.

Мақсад — “маҳалла еттилиги”нинг сиёсий-ҳуқуқий ҳамда касбий билимини ошириш, жамоатчилик ва аҳоли билан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.

Ўқув курсларини самарали ташкил этиш мақсадида:

биринчидан, Фармон мазмун-моҳияти ҳамда уларда белгиланган топшириқларнинг амалиётга уйғунлигини таъминлаш учун 11 та долзарб мавзуни ўз ичига олган махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди;

иккинчидан, “маҳалла еттилиги” фаолияти учун масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг юқори малака ва тажрибага эга 2 нафар мутахассислардан иборат Экспертлар гуруҳи шакллантирилди;

учинчидан, Экспертлар гуруҳи томонидан махсус ўқув дастуридаги ҳар бир мавзу бўйича ўқув-методик материаллар (маъруза матни, тақдимот материаллари, тестлар) ишлаб чиқилди;

тўртинчидан, “маҳалла еттилиги” фаолияти учун масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларидан иборат жами 300 нафардан ортиқ ҳудудий тренерлар рўйхати тузилди;

Маълумот учун: Ҳудудлардаги маҳаллалар сонидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуддан 20-30 нафар, жами 300 нафардан ортиқ ҳудудий тренерлар таркиби шакллантирилди.

бешинчидан, Экспертлар гуруҳи томонидан ҳудудий тренерлар учун 23 ва 25 январь кунлари Давлат бошқаруви академиясида махсус махсус семинар ташкил этилди;

олтинчидан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиали томонидан маҳаллий давлат ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ҳудуддаги “маҳалла еттилиги” учун ўқувларни ўтказиш графиги тасдиқланади;

еттинчидан, февраль ойида график асосида ҳудудий тренерлар томонидан “маҳалла еттилиги” учун 1 кунлик ўқув-амалий семинарлар ўтказилади.

Ўқув курслари якуни бўйича Бош илмий-методик марказнинг spv.bimm.uz электрон платформасида тест синови ўтказилади.

Бугунги кунда республиканинг 9 та ҳудудида Ҳудудий тренерлар томонидан белгиланган график асосида “маҳалла еттилиги” учун ўқувлар бошланган.

Чоп этиш