Эндиликда ҳар бир масъул раҳбар фаолияти самарадорлиги аниқ белгиланган кўрсаткичлар асосида баҳоланиб борилади

09:43 - 7 август 2024 Янгиликлар
3363

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 13 мартдаги “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–49-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил 31 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 463-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 13 мартдаги ПФ–49-сон Фармонидаги нормаларни амалга ошириш тартиби белгиланди. Хусусан, қарор билан:

1) Фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланадиган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари рўйхати тасдиқланди;

Мазкур рўйхатда жами 93 та ташкилот, шундан 58 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда 35 та хўжалик бирлашмалари фаолиятларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 13 мартдаги ПФ–49-сон Фармонида белгиланган нормалар татбиқ этилиши белгиланди.

2) Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди;

Ушбу Низом билан:

- республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари (кейинги ўринларда – баҳоланувчи раҳбар) фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органларига юкланган вазифалар ҳамда топшириқлар акс эттирилиши;

- ҳар бир баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари сони қоида тариқасида, 5 тадан 10 тагача бўлиши;

- самарадорлик кўрсаткичлари мавжуд ресурс ва ваколатларга мувофиқ, баҳоланувчи раҳбарнинг вазифа ва жавобгарлиги доирасида, аниқ, мақсадли ҳамда ўлчанадиган бўлиши кераклиги;

- баҳоланувчи раҳбар фаолиятининг кейинги йил учун самарадорлик кўрсаткичлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши;

- самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот автоматик тарзда ёки тасдиқлаш орқали шакллантирилиши;

- самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот баҳоланувчи раҳбарлар томонидан “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган масъуллар томонидан тасдиқланиши ҳамда баҳоланувчи раҳбарларнинг рейтинги шаклланиши белгиланмоқда.

3) Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом билан:

- маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органларига юкланган вазифалар ҳамда топшириқлар акс эттирилиши;

- республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг кейинги йил учун самарадорлик кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши;

- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан тасдиқланиши;

- самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот автоматик тарзда ёки тасдиқлаш орқали шакллантирилиши;

- самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши тўғрисидаги маълумот маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўринбосарлари томонидан “samaradorlik.uz” электрон платформасига киритилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган масъуллар томонидан тасдиқланиши ҳамда баҳоланувчи раҳбарларнинг рейтинги шаклланиши белгиланмоқда.
Юқоридаги қарор билан тасдиқланган Низомларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш жараёнининг барча босқичлари муддатлари ва уларни амалга оширишга масъул бўлганлар аниқ белгилаб берилди.
***

Раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг янги тартибини жорий қилиш барча давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари фаолиятининг натижадорлигини оширишга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришишга, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади.

Шунингдек, юқоридаги Фармон ва қарорнинг қабул қилиниши давлат бошқарувига профессионал ёндашиш, натижага қаратилган самарали бошқарувни кучайтириш ва малакали кадрларни жалб қилиш имкониятини яратади. Шунингдек, раҳбар қадрлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш маданиятини шакллантириш орқали уларнинг ҳисобдорлигини оширади.


Бахтиёр Рустамов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти мудири

Шуҳрат Мадияров,  Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти бош инспектори


 

Чоп этиш