Ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини режалаштириш соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига давлат органлари ва ташкилотларининг давлат кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли (ПҚ-4472-сон) қарорига асосан давлат органлари ва ташкилотларнинг меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжларини давлат органлари ва ташкилотлари олдида турган вазифаларга, уларни ривожлантириш стратегияларига, меҳнат бозоридаги ўзгариб бораётган ташқи ва ички конъюнктурага мос равишда қаноатлантириб бориш кадрлар бўлинмаларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органларида инсон ресурсларини таҳлил қилиш ва режалаштириш бўйича намунавий йўриқнома ҳамда давлат органлари учун намунавий кадрлар сиёсати услубиётлари ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, Агентлик Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан инсон ресурсларини стратегик режалаштириш тизимини амалиётга кенг жорий этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Айни дамда мазкур лойиҳа доирасида жалб этилган хорижий эксперт Дамир Ахметович Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакиллари билан инсон ресурсларини стратегик режалаштириш тизимини жорий этиш бўйича жойларга чиққан ҳолда учрашувлар ўтказилди.
Жумладан, намуна асосида танлаб олинган Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Агентлик ходимлари ва халқаро эксперт иштирокида учрашув ўтказилди. Учрашув давомида вазирлик тизимида инсон ресурсларини бошқаришдаги ҳозирги ҳолат, амалга оширилган ишлар ва тизимдаги мавжуд камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида Дамир Ахметович вазирлик тизимида инсон ресурсларини стратегик режалаштиришни самарали амалга ошириш бўйича тажрибалари билан бўлишди.
Шунингдек, бугун ташриф доирасида давлат органлари ва ташкилотларида Инсон ресурсларини стратегик режалаштириш тизимини жорий этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Семинарда ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини режалаштириш соҳасидаги тизимли муаммолар — ташкилий-ҳуқуқий механизмлар, молиявий-иқтисодий ресурслар билан таъминланганлик, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда такрорланувчи функцияларнинг мавжудлиги билан боғлиқлиги таъкидланди.
Давлат органининг инсон ресурсларини таҳлил қилиш ва режалаштириш бўйича бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги юзасидан тавсиялар берилди. Шунингдек, семинарда ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини режалаштириш соҳасидаги тизимли муаммолар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.