Дубай шаҳрида 2025 йилги Бутунжаҳон ҳукумати саммити ўз ишини бошлади

15:35 - 11 феврал 2025 Янгиликлар
52

Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 

Бутунжаҳон ҳукумати саммити (World Government Summit) 2013 йилдан бери ҳар йили БАА Вице-президенти ва Бош вазири Шайх Мухаммад бин Рашид Ол Мактум шафелигида ўтказиб келинади.

Бу йилги Саммит 11-13 февраль кунлари “Келажак ҳукуматларини шакллантириш сари” мавзусида ташкил этилмоқда. Саммит доирасида 15 та форум, 120 дан ортиқ интерактив сессия ва семинарлар, 23 та олий даражадаги учрашув ва давра суҳбати, 25 та тадқиқот ҳисобот натижалари тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирда 30 га яқин давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, 200 нафардан ортиқ спикерлар иштирок этмоқда. 

Мазкур йирик анжуман давлат бошқаруви ва давлат хизматини ривожлантириш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда сунъий интеллектнинг ўрни, давлат бошқарувидаги муаммоларга инновацион ечимлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга йўналтирилган.

Халқаро анжуман доирасида ташкил қилинадиган қатор тадбирларда Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатда давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимида жорий этилган инновациялар юзасидан тақдимотлар ўтказилиши белгиланган.
 

Чоп этиш