“Келажак лидерлари” дастури давлат хизматига ёш раҳбар кадрларни тайёрламоқда

17:25 - 6 декабр 2021 Янгиликлар
910

“Келажак лидерлари” махсус ўқув дастурининг 1-мавсуми битирувчилари учун Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли малака ошириш курси ташкил этилди. Очилиш маросимида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов иштирок этди.

Ушбу дастур давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта бўғин бошқарув раҳбарлари орасидан янги авлод раҳбар кадрларини шакллантириш, ватанпарвар, ташаббускор ва фаол ёшларни давлат фуқаролик хизматига кенг жалб қилишга қаратилган.

Тўрт кун давом этган ўқувда ёш, раҳбар кадрларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида илгари сурилган ғоялар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилди. 20га яқин ижтимоий-иқтисодий, тадбиркорлик ва бизнес йўналишларида соҳанинг тажрибали мутахассислари томонидан семинар -тренинглар ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Ўтган қисқа вақт давомида ёш кадрлар фаолиятда қандай ўзгаришлар қила олгани юзасидан индивидуал суҳбатлар ташкил этилди. Энг қуйидан юқорига қараб, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ҳолат ҳақида масъул вазифалардаги ёшларнинг ҳам фикрлари тингланди.

— Бу Дастур биз ёш давлат хизматчиларига катта далда бўлди. Кўп ҳолларда янги тайинланган давлат хизматчиси ишни нимадан бошлашга иккиланади. Ўқув курсида эса тайм менежмент, натижага йўналган бошқарув, жамоани шакллантириш, дипломатик маданият каби мавзуларни чуқур ўзлаштирдик, — дейди Наманган шаҳри Давлатобод туман ҳокимининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Сардоржон Рахмонов. — Ҳар бир шахс раҳбар бўлиши мумкин, лекин ҳар бир раҳбар лидер бўлолмаслигини, доимо ўз устида ишлаш, ривожланиб бориш зарурлигини ўзимизга шиор қилиб олдик. Махсус ўқув курси давомида олган билим ва кўникмаларимизни иш жойларимизга қайтиб 6 ой ичида ҳаётга татбиқ қилдик,

— “Келажак лидерлари” махсус ўқув курсида олган билимларим орқали нафақат ўзимни ривожлантирдим, қўшимча тарзда фаолият юритаётган ташкилотим — Қорақалпоқ давлат университетидаги талабаларимга етказдим. Мазкур 4 кунлик интенсив малака ошириш ўқув курси эса камчиликларимизни тўғирлашга, билим ва кўникмаларимизни янада ривожлантиришга имкон берди, — деди   Қорақалпоқ давлат университети Журналистика кафедраси ассистент ўқитувчиси Айшолпан Оразимбетова.

— Дастур тингловчилари сафида бўлиш учун республика ҳудудларидан ва вазирлик идораларидан қарийб 800 нафар номзод уч босқичдан иборат тест синовларидан ўтишди. Натижада энг кўп балл тўплаган 50 нафар номзод танлаб олинди, — дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Абдурахмон Умаров. — Тингловчиларга 2 ой давомида замонавий таълим усуллари асосида нафақат Академия профессор ўқитувчилари балки, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг тренингларида қатнашдилар. Уларга лидерлик, жамоани шакллантириш, тайм-менежмент, лойиҳа бошқаруви, стратегик таҳлил, низоларни бошқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш каби фанлардан сабоқ берилди. Курсни муваффақиятли тамомлаганларга Сертификат берилди.

Шундан сўнг, ёш давлат хизматчилари олган билимларини амалиётда қўллай бошлашди.

 — “Келажак лидерлари” махсус ўқув дастурида 3 ойлик давр давомида ўрганган билим ва кўникмаларимизни охирги 6 ой давомида тўлиқ иш фаолиятимизга татбиқ этдик. Ушбу махсус курс Янги Ўзбекистонда раҳбар қандай фазилат, билим ва конпетенцияларга эга бўлиши лозимлигини кўрсатиб берди, — дейди Фарғона шаҳар ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бобурбек Мўминов. — Президентимиз таъкидлаганларидек, биз халқчил давлат қуриш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаришимиз керак. Айнан шу мақсадда, “Келажак лидерлари” махсус ўқув дастури 1-мавсум битирувчилари учун махсус интенсив ўқув курси ташкил этилгани 6 ой давомида фаолиятимизда эришган ютуқларимизга танқидий таҳлил қилишга замин яратди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда “Келажак лидерлари” дастурини муваффақиятли якунлаган тингловчилар юқори лавозимга тайинланиши ва ўсиши таъминланмоқда. Хусусан, мониторинг натижаларига кўра, 56% тингловчи (27 нафари) аввалги лавозимига нисбатан юқори лавозимга тайинланди. 27% тингловчи эса (13 нафари) ишлаб турган ташкилотидаги юқори лавозимларга захирага киритилди.

Чоп этиш