Ўзбекистонлик давлат хизматчилари Туркияда малака оширмоқда

11:41 - 21 декабр 2021 Янгиликлар
899

Аввал хабар берганимиздек, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан бир гуруҳ давлат хизматчиларимиз Туркияда малака оширмоқда. Дастурга мувофиқ кеча делегациямиз Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Анқара ҳокимияти ва туман ҳокимликларида бўлди.

Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Таълим бошқармаси биносида ўзбекистонлик давлат хизматчилари учун Туркиянинг маъмурий таркиби ҳақида тақдимот қилинди.Таълим бошқармасида делегациямизни Ички ишлар вазирлиги Таълим бошқармаси бошлиғи Хусейн Чақирташ кутиб олди. Расмий танишувдан кейин Таълим бошқармаси шўъба мудири Усман Дуграмажи томонидан Туркия жумҳуриятининг давлат бошқарув тизими ҳақида тақдимот қилинди.

Тақдимотда Туркияда суд, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ҳақида гапириб берилди. 2018 йилдан бошлаб Туркияда давлат бошқарув тизими парламентар тизимдан президентлик республикасига ўтган.

Ҳозирда ҳукумат ва давлат раҳбари Президент бўлиб, 17 та вазирлик, 10 та Президент ҳузуридаги Кенгашлар, 4 та офис орқали мамлакат бошқарилади. Маҳаллий бошқарув тизими вилоятлар (ил), шаҳарлар (буюк шехер), туманлар (илча) ва маҳаллалардан ташкил топган.

Бунда вилоятлар ва шаҳарлар Вали (вилоят ҳокими) орқали, туманлар Каймакам (туман ҳокими) орқали бошқарилади. Ушбу лавозимларга номзодлар Президент томонидан тайинланади ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан лавозимга тайёрланади ва назорат қилиб борилади.

Шунингдек, ил ва илчаларда маҳаллий вакиллик органлари ҳам фаолият юритади ҳамда Беледийе деб номланади. Беледийе раиси сайланади,унинг фаолияти Мажлис деб номланган ҳамда турли партиялардан сайланган депутатлар томонидан бошқарилади. Беледийени вазифасига тумандаги газ, сув, электр таъминоти, йўл қурилиши, ижтимоий объектлар қурилиши, маҳаллалар билан ишлаш, ёшлар ва хотин-қизлар сиёсатини юргизиш, туризм масалалари билан шуғулланиш каби кенг ваколатлар киради.

Шу билан бирга тақдимотда Ички ишлар вазирлиги Таълим бошқармаси томонидан туман ҳокимларини тайёрлашнинг уч йиллик дастури ҳақида гапириб берилди ва Ўзбекистон делегациясига тақдим қилинди.

Тақдимот сўнггида делегация аъзолари томонидан Туркия бошқарув тизими ҳақида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон делегацияси учун Анқара ҳокимиятида Туркияда вилоят ҳокимиятлари вазифалари ҳақида тақдимот қилинди. Тақдимотни Анқара шаҳар валиси (ҳокими) Васип Шахин ҳамда унинг ўринбосари Бакир Йилмаз олиб борди.

Унда Анқара шаҳар ҳокимлиги вазифалари, шаҳардаги 25 туман ҳокимлари вазифалари, ваколатлари, тузилмалари ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг мулоқот ташкил этилиб, делегациямиз аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Анқара шаҳрининг Олтиндағ тумани кенгашидаги учрашув ҳам мақсадли бўлди. Унда туман кенгаши раиси Асим Балчи ҳамда раис ўринбосари Абдурахман Карабудак Олтиндағ туман кенгаши (Беледийеси) томонидан туманда ёшларни ва хотин-қизларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда амалга оширилган ишлар, туризм бўйича қилинган ишлар, туманнинг бир йиллик бюджети ҳамда туман кенгашининг ташкилий тузилмаси ҳақида гапириб берди.

Шунингдек, тақдимотчилар томонидан туманда кичик тадбиркор ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Жараён давом этмоқда.

Чоп этиш