Давлат фуқаролик хизматида психологик баҳолаш: 1 100 та кўникмалар паспорти ва 8 350 та психологик портрет шакллантирилди

06:23 - 16 май 2022 Янгиликлар
499

Кенг қамровли ислоҳотларни ижро этишда ҳамда ушбу янгиликларни давлат хизматчилари онгига сингдиришда психологик масалаларнинг аҳамияти катта. Хориж тажрибасига кўра, мамлакатлардаги ислоҳотларни халқ томонидан қабул қилинишини, ижтимоий қатламлардаги психологик муҳитни билишини, берилган топшириқларни давлат хизматчилари томонидан қай даражада хайрихоҳлик билан ижро этилишини янада чуқурлаштириш ҳамда янги руҳият бағишлаш учун давлат хизматчиларини психологик ҳолатини билиш асосий компонентлардан бири ҳисобланади.

Мазкур йўналишда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги илғор хорижий ва маҳаллий тажрибани инобатга олган ҳолда давлат фуқаролик хизмати тизимини тўлақонли психологик ва ижтимоий тадқиқот хизмати билан таъминлашни режалаштирмоқда. Бу борада Агентлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, давлат фуқаролик хизматчиларининг компетенцияларини баҳолашга оид хорижий методикаларни рақамлаштириш бўйича ишлар олиб борилди. Бунда, 4 та тест (Вандерликнинг қисқа саралаш, Гилфорднинг Социал интеллектни тадқиқ этиш, Ершовнинг Раҳбарнинг йўналганлик турини аниқлаш ва Равеннинг Прогрессив матрицалар тестлари) ўзбек тилига таржима қилиниб, адаптация (мослашиш) қилинди. Бугунги кунда мазкур тестлар Агентликнинг электрон порталига интеграция қилинмоқда.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг психологик портретини яратиш учун хизмат қиладиган “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” (test.argos.uz) электрон ахборот тизими орқали давлат хизматчилари томонидан жами 130 минг мартадан зиёд психологик тестлар топширилди. Ўтказилган тест натижалари асосида 1 100 та кўникмалар паспорти ва 8 350 та психологик портрет шакллантирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат хизматчиларининг касбий-психологик тайёргарлигини аниқлаш орқали мамлакатимизда халқ манфаатлари ва фуқароларнинг эҳтиёжларини биринчи ўринга қўйилиши, маъмурий-буйруқбозлик усулларини мутлоқлаштиришдан воз кечиш, бошқарувнинг янги, демократик усулларини раҳбарлик фаолиятига татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиради.

Жасур Махмудов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Психологик баҳолаш ва ижтимоий тадқиқотлар методологияси бошқармаси бошлиғи

Чоп этиш