Эндиликда “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида салоҳиятли кадрлар резерви шакллантирилади
Куни-кеча Давлатимиз раҳбари раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Сўнгги йилларда амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида халқни эшитиш, маблағларни одамлар талабига қараб йўналтириш, “маҳаллабай” ишлаш тизимлари йўлга қўйилди. Ходимларга самарали фаолияти учун муносиб шароитлар яратилди.
Шу ўринда бир статистика барчамизни салоҳиятли кадрлар билан ишлаш тизимини қайта кўриб чиқишга ундайди. Таҳлилларга кўра, вазирликлар марказий аппаратидаги раҳбарларнинг 40 фоизи туман поғонасини кўрмаган, туман миқёсидаги раҳбарларнинг 60 фоизи эса вилоят ёки республика идораларида ишламаган.
Президент йиғилишда долзарб ғоя — давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мазкур ташаббуснинг моҳияти шундаки, эндиликда туман ва шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади, унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади. Компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади.
Бунинг учун 1 ноябрдан бошлаб, эски намунадаги маълумотномадан воз кечилиб, ходимнинг малакаси ва эришган натижаларини илғор технологиялар асосида баҳолайдиган тизимга ўтилади. Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олди олинади.
Салоҳиятли кадрлар резервини шакллантириш тизими қандай йўлга қўйилади, деган табиий савол туғилади.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги мазкур тизимнинг механизмларини ишлаб чиқиб, синовдан ўтказди. Янги тизимга кўра, дастлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан лавозим учун малака талаблари тасдиқланади. Мазкур малака талабларига мос, KPI кўрсаткичи, фаолият натижадорлиги энг юқори бўлган номзодлар саралаб олинади.
Иккинчи босқичда, назарий билимлари ва психологик ҳолатини аниқлаш мақсадида номзод тест синовидан ўтказилади. Сўнгра касбий ва бошқарув кўникмаларини баҳолаш мақсадида суҳбатдан ўтказилади. Суҳбат жараёнида номзоднинг лидерлик қобилияти, тизимли фикрлаши, натижага йўналганлик, мослашувчанлик ва коммуникативлик компетенцияларини аниқлашга алоҳида урғу берилади.
Юқори натижаларни қайд этган номзодлар салоҳиятли кадрлар резервига киритилади.
Учинчи босқичда, номзоднинг касбий ва шахсий ривожланиш режаси ишлаб чиқилади. Бунда, махсус ўқув дастури асосида назарий билимлари мустаҳкамланиб, вазирлик ва идоралар, шунингдек, хорижий стажировка орқали амалий кўникмалари оширилади.
Резервга киритилган ходимларнинг фаолияти натижадорлиги, яъни ўз устида мунтазам ишлаши, меҳнат фаолияти, махсус ўқув курслари ва стажировка ўташ жараёнлари доимий мониторинг қилиб борилади ҳамда юқори натижаларга эришган резервдаги номзодлар юқори лавозимларга тайинланади.
Мамлакатимизда “инсон – жамият – давлат” деган тамойил устувор этиб белгиланган. Барча соҳаларда одамларга қулайлик яратиш чоралари кўрилмоқда. Ислоҳотларнинг самарали ташкил этишда энг қуйи тизим — маҳаллада одамлар билан мулоқот қилган, уларнинг ташвиши билан юриб, натижа кўрсатган салоҳиятли кадрларга суянади. Бунда салоҳиятли кадрлар резерви ана шундай кадрларни саралаш ва уларни раҳбарликка тайёрлашда муҳим институт сифатида намоён бўлади.
Бахтиёр ИБАТОВ,
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи