“PEMANDU”: Малайзия самарадорликни бошқариш тизими қандай мувафаққият қозонди?

12:03 - 18 август 2022 Янгиликлар
1140

Замонавий давлат ҳар бир соҳада қўйилган мақсадга эришишни хоҳлайди ва унга етишиш йўлларини излайди. Бу йўлда мақсадни белгилаш энг муҳимдек кўринсада, унга эришишга олиб борадиган жараёнларни тўғри бошқариш ундан кам бўлмаган аҳамият касб этади.

Ушбу мақолада айнан Малайзиянинг мақсадларга эришиш бўйича самарадорликни бошқариш тизими – “PEMANDU” ҳақида сўз юритамиз. Зеро, халқаро даражада Жаҳон банки бу тажрибани намуна ўлароқ, мувафаққиятли “марказдан йўналтирилган самарадорликни бошқариш” тизими дея тарифлаган.

“PEMANDU” тизими қай тарзда вужудга келган?

2009 йилга келиб, ҳукумат томонидан Малайзияда 1991 йилда бошланган давлат дастурлари ижроси ўз натижасини яхши бермаганлиги ва мамлакат туб ислоҳотларга муҳтож эканлиги маълум қилинади. Бунда, Малайзияда юзага келган асосий учта муаммо қайд этилади:

биринчидан, иқтисодий ривожланишда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши пасайганлик, хусусан, “ўрта даражадаги даромад қопқони”га тушганлик ҳолати;

иккинчидан, фискал дефицит 6.6 фоизга етганлиги;

учинчидан, давлат қарзи ЯИМга нисбатан ҳар йили 12 фоизга ошаётганлиги.

Шу билан бирга, давлатдаги иқтисодиёт диверсификацияси, таълим тизими, ижтимоий инфратузилма, жиноятчилик даражаси, коррупция ва ҳ.к. бўйича ислоҳотлар ҳар йили марказий ҳамда ҳудудий дастурларда акс этса-да, уларнинг ижроси суст, самарадорлиги жуда паст даражада қолаётган эди. 

Мазкур муаммоларни ҳал этишга бўлган интилиш давлатни масалага бошқача ёндашув билан қарашга мажбур этди. Малайзия Ҳукумати 2009 йилда иккита бир бирига боғланган – Ҳукумат трансформацияси ҳамда Иқтисодиётни трансформация қилиш дастурларини қабул қилишга эришди. Ушбу давлат дастурларида қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш, унинг ижро этилиши ҳамда татбиқ этилишида самарадорликни бошқариш бўйича Бош вазир ҳузурида масъул идора – “PEMANDU” ташкил этилади1.

Маълумот ўрнида:

Ҳукумат трансформацияси дастури 7 та йўналиш – 1) яшаш харажатларини мақбуллаштириш; 2) жиноятчиликни камайтириш; 3) коррупцияга қарши кураш; 4) талабалар даромадини ошириш; 5) кам таъминланган оилалар яшаш шароитларини яхшилаш; 6) қишлоқ хўжалигини ривожлантириш; 7) шаҳар жамоатчилик транспортини ривожлантириш;

 Иқтисодиётни трансформация қилиш дастури 12 та йўналиш – 1) нефт, газ ва энергия; 2) пальма ёғи ва қалай; 3) молиявий хизматлар; 4) туризм;
5) бизнес хизматлари; 6) савдо-сотиқ, шунингдек улгуржи савдо; 7) таълим;
8) соғлиқни сақлаш; 9) АКТ ва унинг инфратузилмаси; 10) электроника
ва электротехника; 11) қишлоқ хўжалиги; 12) Катта Куала-Лумпур ва Кланг водийси лойиҳаси.

“PEMANDU” нинг асосий мақсади юқорида қайд этилган давлат дастурлари йўналишлари доирасида:

  1. барча ижро ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
  2. услубий раҳбарлик қилиш ва методик таъминлаш, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI)ни аниқлаш ҳамда уларни жорий этиш;
  3. бутун ижро тизими бўйлаб мониторинг олиб бориш;
  4. мақсадларга эришиш бўйича чора-тадбирлар назорати ишларини амалга ошириш.

“PEMANDU” тизими қандай ишлайди?

“PEMANDU” тўғридан-тўғри Бош вазирга ҳисобдор, 135 та ходимга эга. Асосий мақсадлар билан белгиланган йўналишларда давлат дастурлари ижросини мувофиқлаштириш мақсадида турли вазирлик ва идоралар ходимларидан иборат “лабаратория”лар ташкил қилади.  Унда фаолият “Катта тезкор натижалар” (Big Fast Results) – трансформациянинг 8 та қадамдан иборат бўлган методологияси асосида олиб борилади2.

Лабараторияда эришилиши лозим бўлган ЭМСК ишлаб чиқилиб, улар асосида давлат дастурлари учун бошланғич даражадаги лойиҳалар (Entry Point Projects) тайёрланади.

Самарадорлик бошқаруви давлат дастурларидаги ЭМСК эришилишини таҳлил қилиш ҳамда уларнинг натижаларини баҳолаш орқали амалга оширилади. “PEMANDU” давлат дастурлари бўйича идоралараро учрашувларни бошқаруви офисида ёки “лабаратория”ларда уюштириш ҳуқуқига эга. Лабараторияларда ишлаб чиқилган ёки ўзгартирилган ЭМСК Миллий ислоҳотлар давлат дастури ёки Иқтисодий ислоҳотлар дастурига ўзгартириш киритиш имкониятини беради.

Бунда, ходимлар 6-9 ҳафта давомида тўлиқ иш куни билан лабараториядаги ишчи гуруҳга жалб этилади. Муаммоларни аниқлаш асосидаги ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш “70/30 қоидаси” билан амалга оширилади, яъни 30 % бошланғич режани ўзгаришига йўл қўйилмайди. Агарда лабараторияда кўтарилган муаммолар ёки таклифлар қуйи даражада вазирлик ва идоралар билан ҳал бўлмаса, “PEMANDU” директори бевосита Бош вазирга (Малайзияда давлат раҳбари ҳисобланади) чиқиш ваколати мавжуд.

Ривожланаётган давлатларда кенг тарқалган муаммолардан бири, маълумки, қабул қилинган қарорлар ёки дастурларнинг ижро этилмай қолишидир. Малайзиядаги ҳолат бундан истисно эмас. Шу сабабли, давлат дастурларидаги ҳар бир банднинг ижроси доимий мониторинг қилинади. Қуйидаги жадвалда дастур мониторинги даврийлиги келтирилмоқда.

Янги тизим асосида ҳукумат ўз олдига қўйган бир қанча мақсадларга эриша олди. Масалан, 2015 йилга келиб Малайзиянинг ялпи миллий маҳсулоти (ЯММ) аҳоли жон бошига ҳисобланганда Жаҳон банкининг юқори даромад чизиғи – 12,476 АҚШ долларига яқинлашиб қолган эди. Фискал дефицит 3,1% тушди, хусусий сектор 2 баравардан кўпроққа ўсиб, ЯИМнинг 60%ни ташкил эта бошлади, шунингдек, 2,26 млн иш ўрни яратилди ва 2,9 млн фуқаро камбағалликдан чиқариб олинди (маълумот учун, Малайзия аҳолиси 2022 йилда 33 млн кишидан ортиқ) ва ҳ.к.

Бу каби мақсадли кўрсаткичларга эришиш ортида сабаблар мавжуд бўлади, албатта. Булар асосий тизимни ҳаракатга келтирадиган бирламчи омиллар бўлиши ёки давлат идоралари кесимида ҳал этилган иккиламчи ҳолатлар бўлиши мумкин. Бироқ, бирламчи омиллар муҳимроқ, чунки улар барча манфаатдор томонларни бир куч сифатида ҳаракат қилишга ва белгиланган маррага интилишга ундайди.

Хўш, “PEMANDU” тизими муваффақиятининг асосий сабаблари нималарда кўринади? 

Биринчидан, сиёсий ирода асосида ҳукумат аниқ мақсадларни белгилаш ва эришилиши зарур бўлган йўналишларни устувор ўринга қўйишга муваффақ бўлди.

Иккинчидан, ҳукумат даражасида идоравий, субъектив  манфаатлар ҳамда бюрократик тўсиқларга самарали курашилди.

Масалан, давлат дастуридаги ҳар бир йўналиш тамомила ишлаб чиқилиши учун масъул вазирлик ва идоралардан ходимларнинг лабараторияларга жалб этилиши амалиёти жорий этилди. Натижада вертикал ҳамда горизонтал менежмент ҳамкорлиги, умумий масъулият ҳисси вужудга келди.

Учинчидан, “PEMANDU” давлат дастурларидаги ЭМСК ижроси мониторинги ва баҳолашини марказлаштирилган тартибда, ҳар ҳафта давомида олиб борди. Агарда муммолар қуйи ёки ўрта даражада ҳал бўлмаса, Бош вазирга бевосита мурожаат этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, давлат дастурлари бўйича ишлаб чиқилган ЭМСК “занжир услуби”да энг юқоридаги ҳукуматдан тортиб, энг қуйидаги туман ёки шаҳарлардаги ҳокимликларгача тушиб боради. Яъни, ҳар бир мақсадли кўрсаткич тепадан пастга боғланган, агар қуйи тизим бажармаса вазирлик ёки идоранинг натижаси чиқмайди ёки ҳукуматга қўйилган вазифа ҳам бажарилмай қолади. Мана шу жараёнда юқорида қайд этилган мониторинг жараёни белгиланган вазифаларни охирига етказиб бажаришга хизмат қила олди.

Тўртинчидан, “PEMANDU” хусусий сектордан истеъдодли мутахассисларни жалб қилди. Бу давлат секторини хусусий секторнинг натижага йўналтирилган, тезлик ва инновацияларга қаратилган маданияти билан таъминлаш имконини яратди.

Бешинчидан, жамоатчилик иштироки яхши самара берди, яъни “PEMANDU” ЭМСК натижаларини чоп этиш, йиллик амалга оширилган ишлар, ҳисоботларни ОАВ орқали жамоатчиликка етказишнинг уддасидан чиқди.

 

Шоҳруҳ Нуралиев,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

масъул ходими

Чоп этиш