ШҲТнинг Самарқанд саммити ташкилотга янги руҳ бахш этади

16:47 - 14 сентябр 2022 Янгиликлар
529

Шу йилнинг 15-16 кунлари Шарқнинг сайқали Самарқанд дунё нигоҳи марказида бўлади. Қадимий заминда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Аҳамиятлиси шундаки, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари узоқ пандемиядан кейин, сўнгги уч йилда биринчи марта бир жойга тўпланади. Таъкидлаш зарур, Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти асосчиларидан бири.

Юксак даражадаги тадбирда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Эрон, Туркия каби жаҳон ва минтақа етакчи давлатларининг раҳбарлари иштирок этиши уни ғоят катта сиёсий воқеага айлантирмоқда.

Дунёнинг 15 та давлати ва ҳукумат раҳбарлари, 10 дан зиёд халқаро ташкилот етакчилари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда тўпланади. 

Давлатимиз раҳбари ўзининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласида таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг мазкур бирлашмадаги раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.

2021-2022 йилларда ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтиши кейинги 6 йилда амалга оширилган жадал ва очиқ ташқи сиёсатимиз маҳсули, мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин.

Ўтган йили ШҲТнинг Душанбе саммитида давлатимиз раҳбари ташкилотга раисликнинг ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш, ўзаро транспорт-коммуникация алоқалари, камбағалликни қисқартириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар соҳада, соғлиқни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда мавжуд салоҳиятдан кенг фойдаланиш сингари энг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Давлатимизнинг мазкур нуфузли ташкилотга раислиги даврида Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорларимиз билан биргаликда 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги хавфли силжишлар шароитида Самарқанд саммитининг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Зеро, унда ташкилот ривожланишининг истиқболдаги омилларини белгилаб берадиган асосий қарорлар ва келишувлар қабул қилинади. ШҲТ кўп қиррали ҳамкорлик ғояларини илгари сурувчи, ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзламаган, ҳеч бир давлатга қарши саъй-ҳаракатларни амалга оширмайдиган ташкилотдир. Ушбу тамойиллар унинг низомида аниқ кўрсатилган ва ташкилотнинг бутун тарихи ушбу қоидаларга қатъий риоя қилинаётганини исботлайди.

ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилиши ўтказиладиган жой сифатида рўйи замин сайқали — Самарқанд шаҳри танланишининг ўзига хос рамзийлиги бор. Ушбу муқаддас замин азалдан тарихий учрашувлар ва цивилизациялар мулоқоти маскани, маданий-гуманитар ўзаро бойитиш ва халқаро савдони ривожлантириш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш кўприги бўлиб келган.

Самарқанд сўнгги йилларда бир қанча йирик анжуманларга мезбонлик қилмоқда. Шаҳар янгича қиёфа касб этмоқда, сезиларли даражада ўзгарди, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди, Самарқанд туристик брендининг аҳамияти ортиб бормоқда.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё кейинги йилларда ШҲТнинг “географик ядроси” мақомини мустаҳкамлаб олди. Аъзо давлатлар орасида ушбу минтақада барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб қолаётгани аҳамиятлидир. Шу нуқтаи назардан, ташкилотдаги марказий минтақанинг географик марказий давлати ҳисобланмиш Ўзбекистон марказидаги шаҳар тарихий саммит мезбони сифатида кўп йиллар тилга олиниши, шубҳасиз.

ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий майдони 34 миллион км², яъни Евроосиё қитъасининг 60 фоизини ташкил этади. Аъзо давлатлар нуфуси 3 миллиардга яқин ёки ер юзи аҳолисининг қарийб ярмига тенг. ШҲТ мамлакатлари жаҳон иқтисодиётининг 20 фоизини қоплайди.

Эроннинг ташкилотга тўлақонли аъзо этиб қабул қилиниши орқали ШҲТ стратегик муҳим минтақа ҳисобланган Яқин Шарққа эшик очади.

Ташкилот муваффақиятининг калити кўп қиррали ҳамкорлик ва очиқлик билан боғлиқ экани барчага аён. Шу боис, ҳам тузилма очиқ мулоқот, минтақалараро кенг шериклик учун мос ва қулай майдон сифатида намоён бўлмоқда.

Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, 2017 йилдан республикамиз ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ташаббускорига айланди.

Ўзбекистон Президенти томонидан ўтган беш йил мобайнида ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 54 та ташаббус илгари сурилди. Шулардан 37 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, қолган 17 таси амалга оширилиш жараёнида.Таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон амалга ошаётган ташаббуслар бўйича ШҲТда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Ўтган йилларда ўзбек томони, асосан, хавфсизлик соҳасида фаоллик кўрсатган бўлса, эндиликда умумий салоҳиятни иқтисодиёт, транспорт ва логистика, инновацион ва рақамли ривожланиш, маданий ва халқ дипломатияси каби йўналишлар орқали кўтариш зарурлигига эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ШҲТ Миллий координаторлар кенгаши йиғилишларини ўтказишнинг самарали амалиётини жорий қилинди. Бундай тадбирлар, Нукус, Тошкент, Бухоро, Фарғонада бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ташаббуси билан жорий йилнинг июнь ойида биринчи марта ШҲТ доирасида аъзо давлатлар ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови ва киберспорт бўйича чемпионат ташкил этилди. Жорий йилнинг 6 сентябрида эса ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги бўйича биринчи илмий-эксперт форуми муваффақиятли ўтказилди.

Саммитда ташкилотнинг 21 йиллик тарихида илк бора унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Бирлашма ислоҳ қилинади, унинг ишида янги саҳифа очилади. Ташкилот тараққиётининг кейинги бочқичи бошланиши билан бир қаторда унга янги аъзолар қабул қилиниши кўзда тутилган. Энг муҳими, бу воқеалар тарихда Самарқанд номи билан узвий боғланиб қолади.

Самарқанд юз йиллар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажарган. Йиллар давомида ҳамон қутбларни бирлаштираётган қадимий диёримиз бугун ўзининг ўзгача руҳи ва тароватини дунёга таратмоқда. “Самарқанд руҳи” халқлар ва миллатлар фаровонлиги йўлидаги катта қадамлари билан кўп йиллар ташкилот аъзоларининг ёдида қолишига ишончимиз комил.

 

 

Илҳом Қурбонов,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

департамент мудири

Чоп этиш