“Қўл бошқаруви”дан тизимли бошқарувга ўтиш даври бошланди

15:31 - 20 декабр 2022 Янгиликлар
656

Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ. Аниқ режалар бўлмаса, шунга мувофиқ ҳаракат ва фаолият бўлмаса, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул.

 

Бутун халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномасини интиқлик билан кутгани аниқ. Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди. 2 соат 25 дақиқа давомида Давлатимиз раҳбари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тааллуқли муҳим масалаларга, уларнинг ечимига тўхталди.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтаркан, биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.

Президентимиз хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди. Таъкидланганидек, бугунги кунда давлат бошқаруви ва аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Давлатимиз раҳбари айтганидек, бошқарувда марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда. Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий қилишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас.

Президент шунинг учун янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилди.

Албатта олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали ва халқчил бўлишида давлат энг аввало қатъиятли, адолат ва садоқатни фаолиятининг бош мезони сифатида кўрадиган салоҳиятли кадрларга таянади.

Давлатимиз ушбу йўналишдаги ислоҳотларни бирма-бир эълон қилар экан, энг аввало кадрларни танлаш, уларни адолатли тизим орқали жой-жойига қўйиш масаласини қайд этиб ўтди.

Мурожаатномада бундан буён давлат лавозимларига фақат танлов асосида ишга қабул қилиниши яна бир бор таъкидланди.

Тараққий этган давлатлар томонидан намуна сифатида олинган давлат фуқаролик хизмати соҳасида бошқарувнинг замонавий тизимини жорий этиш борасидаги ислоҳотлар негизидаги асосий вазифалардан бири “очиқ мустақил танлов асосида кадрларни танлаб олиш” эканини кўришимиз мумкин. Бунда энг иқтидорли, компетенциялари юқори бўлган ходимлар меритократия тамойили асосида бўш иш ўринларига ишга қабул қилинади.

Кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимининг йўлга қўйилиши бу — коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, янгича ёндашув асосида кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини, маънавий фазилатларини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилди.

Шу ўринда қайд этиш лозим, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давлат органлари ва ташкилотларида кадрларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш амалиёти жорий қилинган бўлиб, 2020 йил август ойида Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур портал давлат органлари ва ташкилотларининг вакант лавозимларига энг истиқболли кадрларни очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, 2020-2022 йиллар давомида 78 та давлат органи ва ташкилотлари, ҳамда 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари порталига уланган бўлиб, улар томонидан вакант лавозимлар учун 100 мингдан ортиқ танлов эълон қилинди. Бунда танловларни ўтказиш уч босқичда ташкил этилган бўлиб, номзодларнинг аризаларини тегишли малака талаблари бўйича ўрганиш, тест синови, суҳбат жараёнларидан иборат. Танловларда 1,2 млндан зиёд номзод иштирок этган бўлиб, уларнинг 45 минг нафари танлов ғолиби сифатида вакант лавозимларни эгаллаган.

Энди ишга кириш учун 16 та ҳужжат сўралмайди. Мазкур тизимнинг аҳамиятли томони шундаки, танлов босқичлари бўйича маълумотлар онлайн тарзда ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади, яъни ҳар бир босқич натижаси бўйича номзодларга асосланган жавоб берилади. Номзод ҳақидаги барча маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизими орқали автоматик тарзда ўз аризасида акс этади. Шунчаки электрон платформага кириб, 3-4 қадамдан иборат ҳаракат орқали ўзларига муносиб вакант лавозимга ариза юборадилар.

Вакант лавозимлар очиқ портали фаолиятини давлат хизматчилари, ёшлар, айниқса олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўртасида кенг тарғиб этиш жараёнида, улар томонидан кадрларни танлаш ва лавозимга қўйиш бўйича ушбу тизимнинг йўлга қўйилгани келгусида ёш кадрларнинг давлат хизматига бўлган ишончининг ортиши, салоҳиятли кадрларнинг давлат органларига ишга киришда ҳар бир кадр иштиёқининг ошишига хизмат қилишини таъкидламоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси “инсон қадри учун”, “давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган юксак тамойиллар халқимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётганинг ёрқин намунасидир.

 

Илҳом Қурбонов,
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини
ривожлантириш агентлиги департамент мудири

 

 

Чоп этиш