Давлат фуқаролик хизматига киришдаги очиқ танлов тизими янада шаффоф бўлади
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жараёнларни ислоҳ қилиш борасида муҳим воқелик бўлди. Жорий йилда амалга оширилган ишлар Мурожаатнома асосида чуқур таҳлиллар билан сарҳисоб қилинди ва келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мурожаатномада соҳалараро изчил ўзгаришларнинг инсон қадри ва жамият тараққиётининг кафолати учун хизмат қилиши ўз аксини топган. Хусусан, Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга кўра, давлат органлари ва ташкилотларидаги лавозимларга фақат танлов асосида ишга қабул қилиниши алоҳида таъкидланди. Бугун давлат хизматини ташкил этишда ўзининг амалий тасдиғини топган ушбу тизим, давлат фуқаролик хизматига ишга киришда коррупцияни камайтириб, вакант лавозимларни малакали кадрлар билан тўлдирилишига хизмат қилмоқда.
Фаолиятни сарҳисоб қилар эканмиз, Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали ишга туширилган.
Мазкур портал орқали Наманган вилояти бўйича якунланаётган йилда 42 та вилоят даражасидаги давлат ташкилотлари ҳамда 14 та маҳаллий ҳокимликдаги мавжуд 4185 та вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 23175 нафар номзод ҳужжат топширган. Танлов якунланган 4185 та вакант лавозимларнинг 2906 таси (69 фоиз) малакали ходимлар билан тўлдирилган, 1279 тасига (31 фоиз) эса қайта танлов эълон қилинди.
Давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш, кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилишини амалда исботлаш учун ҳукуматнинг иш услубини ўзгартириш, янгича бошқарув тизимини йўлга қўйиш мақсади – Мурожаатномада алоҳида устуворлик касб этди.
Давлатимиз раҳбарининг таъбирида бу илғор ислоҳот “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш тарзида баён этилди. Ҳақиқатан ҳам қайси соҳа бўлмасин, фаолиятда самарадорлик ва натижа бўлмас экан, асло тараққиётга эришиб бўлмайди. Мурожаатномада ҳам бу масалага алоҳида урғу берилиб, истиқболли бошқарувнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Унга кўра, барча раҳбарларнинг фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилиши, шунингдек, ҳар йили 500 нафар мутахассисни энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитилиши режалаштирилгани, биз соҳа ходимларига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки ривожланиш тенденциялари кадрларга замонавий талаблар ва соҳани тубдан ислоҳ қилиш заруратини қўймоқда.
Бинобарин, Янги Ўзбекистоннинг турли соҳа ва тармоқлари учун ана шундай замонавий билим ва тафаккурга эга бўлган фидойи давлат хизматчиларини етказиб бериш, кадрлар захирасини шакллантириш вазифалари кечиктириб бўлмас масала бўлиб қолди.
Мурожаатномадан ўрин олган “Келаси икки йилда, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган, билимли ва тажрибали кадрлар қўйилади” тарзидаги жумлалар, айнан салоҳиятли давлат хизматчиларининг сафини кенгайтириш саъй-ҳаракатини ифода этади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Президентимизнинг Мурожаатномаси ҳукуматнинг сўнгги йиллардаги ижтимоий-сиёсий жараёнларинигина қамраб олмай, йиллар давомида тажриба ва синовдан ўтган бошқарув малакаси ва ҳаётий сабоғининг натижалари эканлиги, яққол сезилиб турибди.
Умуман олганда, Мурожаатнома мазмуни юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган ҳолда, оддий фуқародан тортиб то ҳукумат аъзоларигача янгиланиш ва ўзгаришларнинг натижасидан манфаатдорлик ҳиссини уйғотади. Шундай экан, давлат хизматчиси сифатида ҳам, шу давлат фуқароси сифатида ҳам мурожаатноманинг устувор вазифаларини амалга оширишда ва мамлакатимизнинг манзилли мақсадлари йўлида ўзимнинг фаол позициям билан давлат раҳбарига елкадош бўламан.
Шухрат Тўхтабоев, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Наманган вилояти филиали раҳбари