Давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш бўйича хорижий тажриба ўрганилди

14:57 - 15 июн 2023 Янгиликлар
609

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Франция Ўзгаришлар ва давлат хизмати вазирлиги ҳузуридаги Маъмурият ва давлат хизмати бош бошқармаси (DGAFP) билан ҳамкорликда “Давлат хизматида персонални баҳолаш: Франция тажрибаси” мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил қилинди.

Тадбирда Агентлик марказий аппарати ва филиаллари вакиллари, тегишли вазирликлар ходимлари иштирок этди.

Франция Маъмурият ва давлат хизмати бош бошқармаси Мобиллик ва карьеравий ўсиш департаменти бошлиғи Наима Эз-заки тақдимоти аввалида DGAFP фаолияти ва унинг институционал аҳамияти, мамлакатда давлат хизмати тизими, унинг ҳуқуқий асослари тўғрисида маълумот бериб ўтди. Хусусан, Францияда 2022 йил 1 мартдан “Давлат хизмати кодекси” кучга кирган бўлиб, у 8 та томда мужассамлашган 1 265 моддадан иборат. Шулардан давлат хизматида персонални баҳолаш ва рағбатлантириш масалалари 1 та алоҳида томга ажратилган.

Н.Эз-заки таъкидлашича, Францияда давлат хизматчиларининг фаолиятини баҳолаш амалиёти 15 йил олдин жорий қилинган бўлиб, сўнгги йилларда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар шароитида давлат хизматчиларининг фаолиятини баҳолаш методологияси қайта кўриб чиқилмоқда. Илгари давлат хизматчиларининг фаолиятига маълум бир шкала асосида баҳо қўйиш билан чекланилган бўлиб, бу амалиёт дастлаб давлат хизматчиларини лавозимда кўтариш жараёнида фойдалилигини кўрсатган. Замон талаблари ўзгариши билан Франция бу амалиётдан аста-секинлик билан воз кечди. Ҳозирда ҳар йили ўтказиладиган касбий интервью асосида “давлат хизматчисининг касбий қиймати” баҳоланиб, баҳолаш натижалари давлат хизматчисининг ҳужжатлари мажмуида сақланади ва давлат хизматчиси улар юзасидан апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Эксперт муҳокамалари давомида Францияда ҳозирги кунда давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш методологияси, баҳолаш босқичлари, баҳолаш ва молиявий рағбатлантириш масалалари, баҳолашнинг баҳсли жиҳатлари, давлат хизматчиси томонидан апелляция бериш тартиби ва уни кўриб чиқиш босқичлари батафсил муҳокама қилинди.

Тадбир якунида ҳамкорларга миннатдорчилик билдирилди ва келгусида тажриба алмашинуви ва эксперт муҳокамаларини давом эттиришга келишилди.

Чоп этиш