Мен 33 ёшдаман ва шонли 33 йил менинг тақдиримда...

12:04 - 26 август 2024 Янгиликлар
567

Моҳигул Ашурова, Ромитан тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази Комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими

33 ёшдаман. Оилалиман. 2 нафар фарзандим бор. Мустақиллигимиз билан тенгма-тенг улғайиб, ривожланиб бораётганимдан фахрланаман. Чунки айнан тинчлик, биз ёшларга берилган мислсиз имкониятлар сабаб, бугун ҳаётда ўз йўлимизга, ўз сўзимизга эга бўлиб бораяпмиз. Айниқса,  Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларга яратиб бераётган имкониятлари, юксак ишончлари ўз устимизда тинимсиз ишлашга, янги натижаларга эришишга, халқимиз корига ярашга ундамоқда.

Айни дамда давлат хизматчисиман. Жорий йилда очиқ танлов орқали “Инсон” ижтимоий хизматлар марказидаги “Алишер Навоий” ва “Ромитан” маҳаллаларида Комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим вазифасида иш бошладим. Янги тузилма, янги имкониятлар.... Энг муҳими, бу жуда савобли вазифа эканлигини ҳар куни одамлар билан мулоқотда, дуоларида кўп бора англайман.

Ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар каби халқимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан ҳар куни учрашаман, инсонпарвар, халқпарвар Давлатимиз раҳбарининг ислоҳотлари ҳақида гапираман, ҳаётга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан. “Президентимиз жонлари соғ бўлсин”, “Раҳмат уларга”, "Биз ҳақимизда биладиларми?" деб узоқ ва баъзида эса кўзда ёш билан қилинган дуоларни эшитиб, кўнглим тўлади.

Фаолиятимда англадимки, “маҳалла еттилиги” тузилмаси манзилли ва мақсадли ташкил этилган. Мен бугун давлат хизматининг энг қуйи, лекин Ҳурматли Президентимиз ва халқимиз ўртасидаги энг муҳим бўғинда фаолият юритаётганимдан фахрланаман. Давлат хизмати менга халқим дуосини олишда кўприк бўляпти.

Ҳар қандай ҳаракатнинг таг замирида мақсадга йўналганлик ётади. Мақсадим — маҳалламдаги оғир ҳаётий вазиятга тушган аҳоли билан манзилли ишлашни жадаллаштириш, уларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, жамиятга ижтимоийлашувини таъминлаш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли сонини камайтиришга эришиш. Шунингдек, ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдам кўрсатишда шаффофликни тўлиқ таъминлашга кўмаклашиш. Шундагина, ижтимоий ҳимоя сиёсатидан халқимиз рози бўлади.

Ҳа, ватаним мустақиллиги мен билан тенгдош! У менга Ватан, бахтли, тинч ва фаровон ҳаёт, олий таълим олиш, давлат ишида, халқимиз учун ишлаш, салоҳиятимни кўрсатиш имкониятини берди! Ўйлайманки, мен бу ғамхўрликларга муносиб жавоб бера оламан!

Чоп этиш