Ўзбекистон ва Корея ҳамкорликда “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури”ни ишга туширади

17:43 - 21 октябр 2024 Янгиликлар
191

Бугун Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Корея давлат бошқаруви институти (KIPA) делегацияси аъзолари билан учрашди. 

Учрашув чоғида Корея Президентининг 2024 йил 13-15 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида давлат хизматини ривожлантириш соҳасида эришилган келишувлар ижросини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.  

Жумладан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда ишлаб чиқилган “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. 

Лойиҳа Ўзбекистонда давлат хизматини модернизация қилишга кўмаклашиш, кадрларни бошқариш ва ривожлантириш (HRM) бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, пилот вазирликларда бизнес жараёнларининг реинжинирингини (BPR) ўтказишга йўналтирилган. 

Лойиҳа давомида тадқиқотлар асосида инсон ресурсларини бошқариш моделини ишлаб чиқиш, BPR таҳлилини ўтказиш учун сўровнома тузиш, HRM ва BPR моделини синовдан ўтказиш кўзда тутилган. 

Учрашув давомида томонлар Дастурни ишга тушириш, келгусида ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олишди.

Чоп этиш