Тошкентда “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди

15:01 - 22 октябр 2024 Янгиликлар
124

Лойиҳа Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигида ишлаб чиқилган бўлиб, у мамлакатимизда давлат хизматини модернизация қилишга кўмаклашиш, кадрлар салоҳиятини бошқариш ва ривожлантириш (HRM) бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, пилот вазирликларда бизнес жараёнларининг реинжинирингини (BPR) ўтказишга йўналтирилган.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти, Корея Давлат бошқаруви институти (KIPA) масъуллари, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси ва Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси иштирокчилари, вазирлик ва идораларининг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари раҳбарлари қатнашди. 

Таъкидлаш керакки, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг 2024 йил 13-15 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Корея Персонални бошқариш вазирлиги ўртасида давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш ҳамкорлик режаси бўйича Битим имзоланган эди.

Белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан биргаликда “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Бугун ушбу лойиҳани ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Маросим аввалида Агентлик директори ўринбосари А.Мухитдинов Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар, халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталди. Лойиҳанинг истиқболлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Шундан сўнг, “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” номли Q-DEEP лойиҳаси раҳбари Жеонг Сеок Канг давлат хизматини ривожлантириш соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлаган ҳолда, бу жараёнда нафақат Корея Республикаси тажрибасини ўзбекистонлик мутахассисларга ўргатиш, балки корейс томонининг ҳам соҳада Ўзбекистон томонидан эришилаётган ютуқ ва тажрибаларни ўрганишга эҳтиёжи мавжудлигини қайд этди. Давлат хизматчилари малакасини оширишнинг заруратини турли мисоллар ёрдамида таҳлил қилди. 

Маросим давомида Лойиҳани амалга ошириш режаси муҳокама қилинди.

Сессияларда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти, Ўзбекистонда инсон ресурсларини бошқариш тизимининг жорий ҳолати, Кореянинг инсон ресурсларини бошқариш тизими, ташкилий диагностика воситалари ва улардан фойдаланиш масалаларида қилинган тақдимотлар қизғин муҳокама қилинди.

Маълумот учун: “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” 7 ойга мўлжалланган бўлиб, жорий йилнинг октябрь ойида бошланиб, 2025 йилнинг апрелида якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа давомида тадқиқотлар асосида инсон ресурсларини бошқариш моделини ишлаб чиқиш, BPR таҳлилини қилиш учун сўровнома тузиш, HRM ва BPR моделини синовдан ўтказиш кўзда тутилган. 

Чоп этиш