Очиқ танловлар юзасидан 5 та муҳим факт

16:28 - 6 январ 2025 Янгиликлар
214

1-ФАКТ: Танловлар қандай ташкил этилади? Ушбу жараёнда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг(АРГОС) вазифалари нималардан иборат?

Агентлик томонидан жорий қилинган Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz даги вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда hrm.argos.uz электрон платформасидаги маълумотлар асосида шаклланади.

Вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар Порталга жойлаштирилган сана мазкур лавозимни эгаллаш бўйича танлов эълон қилинган кун деб ҳисобланади.

Танлов 3 та босқичдан иборат бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

▪️биринчи босқич – номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва саралаш;
▪️иккинчи босқич – номзодларнинг билимини тест синовидан ўтказиш;
▪️учинчи босқич – номзодлар билан суҳбат ўтказиш.

Агентлик танловлар бўйича қуйидаги ишларни амалга оширади:

 — давлат органларидаги вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилинишини таъминлайди; 

— ҳудудлардаги тест синовлари марказлашган ҳолда Агентликнинг филиалларида ҳамда Агентликнинг — test.argos.uz платформасида ўтказилади;

—  танловларни белгиланган тартиб асосида ўтказилиши устидан назорат олиб боради;

— танловларнинг суҳбат босқичида ўз вакилини кузатувчи сифатида юборади;

— танловни ташкиллаштириш ва ўтказишда белгиланган қоидага риоя этмаслик ҳолатлари, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилишига таъсир ўтказган ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, танлов натижасини тўлиқ ёки қисман бекор қилади.

2-ФАКТ: Очиқ танловларни ташкил этишда Комиссиянинг вазифалари нимадан иборат?

Давлат органида танловларни ўтказиш учун доимий фаолият юритувчи Танловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш комиссияси тузилади.

Танлов комиссиясининг таркиби давлат органи раҳбари томонидан тасдиқланади. Танлов ўтказилаётган давлат органининг кадрлар бўлинмаси танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

Танлов комиссиялари ваколатлари:

▪️номзодларнинг вакант лавозим малака талабларига мослиги бўйича хулоса бериб, танловларнинг тест босқичига ўтган номзодларни белгилайди;
▪️вакант лавозим хусусиятидан келиб чиқиб, тест синовлари натижаларини ижобий деб топиш учун 56 фоиздан юқори балл белгилаши мумкин;
▪️танловларнинг суҳбат босқичини интервью ёки тақдимот каби усуллар асосида ўтказади;
▪️суҳбат натижаси бўйича ҳар бир Танлов комиссияси аъзоси номзодларни баҳолайди;
▪️суҳбат натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган номзодни танлов ғолиби деб топади.

3-ФАКТ: Имтиҳон (тест) саволлари мутахассислик йўналишига боғлиқми?

Танловларнинг тест босқичи Агентликнинг test.argos.uz платформаси орқали ўтказилмоқда. Унда 40 та савол берилиб, 100 балл тизимида баҳоланади.

Номзод томонидан тест синовлари умумий кўрсаткичининг камида 56 фоизига тенг балл тўпланиши,  танловнинг кейинги босқичига ўтиши учун асос бўлади. 

Тест синови давомида номзодга юқоридаги ҳар бир йўналиш бўйича 10 тадан жами 40 та савол ҳавола этилади ҳамда жавобларни белгилаш учун 60 дақиқа вақт берилади. 

4-ФАКТ: Очиқ танловларнинг тест синови босқичида ягона ўтиш бали белгиланганми? 

Айни дамда номзод  тест синови жараёнида 56 балл тўплаган тақдирда, у 3 ой давомида танловларнинг тест синови босқичида иштирок этмайди. Бунда номзод ҳужжатлари малака талабларига жавоб берган тақдирда автоматик суҳбат босқичига ўтганлиги юзасидан хабар олади. 

55 баллгача тўплаган номзод  ўрнатилган тартибда тест синовида қатнашиши шарт бўлади.

5-ФАКТ: Вакант лавозим учун эълон қилинган танлов натижасидан норози бўлган номзод қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Номзодлар танлов комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кунлик муддатда танлов натижалари бўйича комиссия қарори устидан юқори турувчи ташкилот раҳбарига, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

Чоп этиш