"Мамлакат олтин фонди ҳамжамияти”ни тузиш таклиф этилди
Президент иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди.

Президентимизнинг яна бир ташаббусига мувофиқ, ёшларимизни Американинг “Печак лигаси” (The Ivy League) университетларига тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун 6 босқичли Миллий дастур қабул қилинади. Бу йил дастлаб 3 минг нафар ўқувчи саралаб олинади. Уларга Президент ва ихтисослашган мактаблардан 208 нафар маслаҳатчи бириктирилади.
Ўқувчилар Ренессанс оромгоҳида йил давомида 3 ҳафталик интенсив ўқув курсларда ўқитилади. Яхши натижа кўрсатган 40 нафари “Печак лигаси” университетларига тажриба алмашиш учун юборилади.
Кейинги муҳим масала – чет элда ўқиган ёшларни ватанимизда ўз соҳаси бўйича муносиб иш билан таъминлаш. Бу борада “Мамлакат олтин фонди ҳамжамияти”ни тузиш таклиф этилмоқда. У орқали иқтидорли ёшлар ягона платформада бирлаштирилади. Хорижда таълим олиб қайтганлар учун имтиёзлар, грантлар, стартап дастурлари ва бошқа имкониятлар яратилади. Ҳар йили 25 майда ҳамжамият қурултойи ўтказилиб, унда таълим ислоҳотлари, иқтидорли ёшлар учун яратилган имкониятлар, чет эл олийгоҳлари тажрибаси каби мавзуларда мулоқот йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни тизимли йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 750 нафар ватандошимиз хорижда ўқияпти. Мутасаддиларга ёшларимиз учун бу имкониятларни янада ошириш, жамғарма фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.