Наманганда ҳам ЭМСК юқори бўлган туман, шаҳар ҳокими ўринбосарлари рағбатлантирилади, улар халқчил ислоҳотларни амалга оширишда ижобий натижаларга эришди
Сўнгги йилларда республикамизда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини тубдан ошириш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, давлат раҳбари томонидан ҳудуд раҳбарлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан туман (шаҳар) ҳокими ва уларнинг ўринбосарларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) асосида баҳоланиб борилмоқда.
Вилоятдаги маҳаллий ижроия органлари раҳбарлари ўринбосарларининг I ярим йиллик энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари рейтингига кўра, 21 нафари “аъло”, 10 нафари “яхши”, 24 нафари “қониқарли”, 16 нафари “қониқарсиз” натижа кўрсатди.
Ушбу рейтинг натижалари муҳокамаси юзасидан вилоят ҳокими Ш. Абдуразаков раҳбарлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш натижаларига кўра, юқори натижа кўрсатган 21 нафар ҳоким ўринбосарларига 1 оклад миқдорида ойлик маошларига қўшимча мукофот тўловларини амалга ошириш ҳамда 16 нафар “қониқарсиз” натижа кўрсатган ҳоким ўринбосарларига фаолиятини яхшилаш юзасидан 90 кунга мўлжалланган иш режа ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан республиканинг 205 та туман (шаҳар)ларида ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилган.
Тизимни жорий этиш ҳамда ходимлар фаолиятини натижадорликка йўналтириш бўйича 2020 йилдан ҳозирга қадар республиканинг барча туман(шаҳар)ларида 100 дан ортиқ семинар-тренинглар ўтказилди.
Ушбу тизимга асосан туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари фаолияти аввалдан белгиланган аниқ кўрсаткичлар (амалда 72 та) ва мақсадли индикаторлар асосида ҳар чоракда баҳоланмоқда.
Энг муҳими кўрсаткичлар ҳар бир ҳоким ўринбосари кесимида белгиланган бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва натижага эришишда ҳар бир раҳбарнинг ҳиссасини аниқ белгилаш имконини беради.
Шу билан бирга, ҳар бир ҳоким ўринбосарларининг эришган натижаларини жамлаш асосида ҳоким фаолиятига баҳо берилади. Мазкур ҳолат ўз навбатида туман (шаҳар) ҳокимликларида жамоавий муҳитни шакллантириб, умумий натижа учун бутун ҳокимлик ташкилий тизим имкониятларини сафарбар этишга туртки беради.
Баҳолаш тизимини амалиётда татбиқ этилиши натижасида ҳар чоракда барча туман (шаҳар) ҳокимлари ва ўринбосарларининг рейтинги шакллантирилиб борилмоқда. Рейтинг жорий этилиши маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, уларнинг ўзаро мусобақалашув асосида юқорироқ натижаларга эришишини рағбатлантирмоқда.