Бугун АОКАда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги брифингги бўлиб ўтди
Унда Агентликнинг Давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Аббос Акрамов давлат фуқаролик хизматига очиқ танловлар асосида ишга қабул қилишнинг ташкил этилиши жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг олдига ягона кадрлар сиёсатини юритиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур Фармонда давлат фуқаролик хизматига киришда барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини ҳамда давлат фуқаролик хизматида профессионал сифатлар ва алоҳида хизматлар асосида кўтарилиб боришни таъминлайдиган номзодларни саралаб олишнинг шаффоф механизмлари шакллантирилмаганлиги ва Агентликнинг олдида турган энг муҳим вазифаларидан бири сифатида ушбу шаффоф тизимни яратиш эканлиги белгиланди.
Берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш ҳамда барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди.
Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш бўйича ягона электрон тизим бўлиб, Интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.
Порталдаги давлат вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.
Вакант лавозимлар учун очиқ мустақил танловлар бир нечта босқичдан иборат. Булар:
— ҳар бир номзоднинг вакант лавозим малака талабларига мослигини ўрганиш;
— тест орқали номзодларнинг билим даражасини синовдан ўтказиш ва психопортретини яратиш;
— ассесмент шаклидаги суҳбат босқичларидан иборат.
Мазкур тизимнинг аҳамиятли томони шундаки, танлов босқичлари бўйича маълумотлар онлайн тарзда ҳар бир номзоднинг порталдаги шахсий кабинетига юборилади, яъни ҳар бир босқич натижаси бўйича номзодларга асосланган жавоб берилади.
Портал орқали жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига, республиканинг 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 13 827 та вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 212 мингдан зиёд номзод томонидан танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширилган.
Ўтказилган танловларни вазирлик ва идоралар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, бугунга кунда энг кўп танловлар Давлат солиқ қўмитаси тизимида 2 243 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида 1 915 та ва Молия вазирлиги тизимида 1 698 та танловлар ўтказилган.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари тизимида – 850 та вакант лавозимларга очиқ танлов эълон қилинди.
Танловларни ҳудудлар кесимидаги таҳлилларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 491 та, Андижон вилояти 1 137 та, Бухоро вилоятида 980 та, Жиззах вилоятида 905 та, Қашқадарё вилоятида 876 та, Навоий вилоятида 1 242 та, Наманган вилоятида 886 та, Самарқанд вилоятида 1 254 та, Сирдарё вилоятида 1 093 та, Сурхондарё вилоятида 726 та, Тошкент вилоятида 1 127 та, Фарғона вилоятида 749 та, Хоразм вилоятида 641 та, Тошкент шаҳрида 670 та ҳамда вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратидаги 1 050 та вакант ўрин учун танловлар ўтказилган.
Якунига етган танловлар бўйича 3 485 нафар (35 %) малакали номзодлар давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди.
Ушбу давлат хизматига қабул қилинган танлов ғолибларининг 969 нафари (29 %) - 30 ёшгача бўлган, шунингдек, 461 нафари (14 %) давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинган номзодларни ташкил этади.
Портал фаолияти йўлга қўйилгандан буён, 1 кунда ўртача 15-20 нафар давлат фуқаролик хизматчиси очиқ танлов орқали ишга қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга, очиқ танловлар жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар, хусусан танловларда иштирок этаётган номзодлар учун қулайликлар яратилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали орқали эълон қилинаётган танловларда иштирок этаётган номзодлар танлов жараёнида дуч келган муаммо юзасидан Агентликнинг очиқ танловлар бўйича махсус телефони 71-239-34-76 ёки Телеграм тармоғидаги махсус vacancy_argos_bot орқали мурожаат қилган ҳолда тезкор жавоб олишлари мумкин.
Барча танловларнинг тест ва суҳбат босқичларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилган бўлиб, жараёнлар Телеграм тармоғидаги @vacancyonline каналига жойлаб борилмоқда.
Фуқаролар томонидан берилган энг кўп саволлар саволлар:
1-савол: Танлов унда иштирок этиш учун камида битта номзоддан ариза келиб тушган тақдирда ўтказиладими?
Жавоб: Танловда иштирок этиш учун битта ариза келиб тушган тақдирда, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда танлов комиссияси раҳбарининг қарори билан танлов ўтказилиши мумкин.
2-савол: Танловни ташкил этиш ва ўтказишда комиссия томонидан белгиланган талаб ва қоидаларга риоя этмаслик ҳолатлари юз берганда Агентлик қандай чора кўриши мумкин?
Жавоб: Танловларни ташкил этиш ва ўтказишда белгиланган қоидага риоя этмаслик ҳолатлари, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилишига таъсир ўтказган ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги танлов натижасини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ҳуқуқига эга.
3-савол: Мен Ёшлар ишлари агентлиги тизимидаги 3 та вакант лавозим учун ўтказилаётган очиқ танловларга ҳужжатларимни электрон шаклда юбордим. Шахсий кабинетимга ҳар бир лавозим бўйича тест синовлари ўтказиладиган кун ҳақида хабар келди. Айтингчи битта ташкилот тизимидаги 3 та вакант ўрин учун 3 маротаба тест топширишим шартми?
Жавоб: Амалдаги тартибга кўра, Номзодга бир вақтнинг ўзида битта давлат органи ва ташкилотининг учтадан ортиқ бўлмаган вакант лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилган, шунингдек, бир вақтнинг ўзида битта ташкилотнинг бир нечта вакант лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этаётган номзод танловнинг тест синовлари босқичида фақат бир марта қатнашиши мумкин.