“Келажак лидерлари” клуби — янги авлод захира кадрларини тайёрламоқда
Жорий йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида Давлатимиз раҳбари томонидан иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантириш ташаббуси илгари сурилган эди.
Мазкур ташаббусга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги ПҚ–6260-сонли қарори билан тасдиқланган Дастур ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳокимликлар билан ҳамкорликда “Келажак лидерлари” — янги авлод захира кадрлари лойиҳаси амалга оширилди.
Барча ҳудудда "Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди ва 4 босқичли танлов орқали Клубга аъзоларни саралаш тартиби белгиланди.
1-босқич. Жорий йилнинг 5-15 июль кунлари “Келажак лидерлари” клубига аъзо бўлиш истагида бўлган жами 6 246 нафар номзод электрон ҳужжат топширган бўлиб, белгиланган малака талабларига кўра жами 3 002 нафар номзод (48%) танловларда иштирок этиш учун саралаб олинди.
2-босқич. 27-30 июль кунлари номзодлар тест синовларидан ўтказилиб, 56 фоиздан юқори балл тўплаган 1 381 нафар номзодлар кейинги босқичга ўтказилди.
3-босқич. Номзодларнинг ижодий ва фикрлаш салоҳиятини баҳолаш мақсадида 3-4 август кунлари номзодлар “Халқни севадиган давлат хизматчиси” мавзусида эссе ёзишди ва унда иштирок этган 1 211 нафар номзод суҳбатда қатнашди.
4-босқич. Номзоднинг амалий кўникма ва сифатларини баҳолашга қаратилган бўлиб, 10-13 август кунлари ишчи гуруҳ аъзолари томонидан номзодлар билан суҳбат ташкил этилди.
Шунга кўра, 5 июлдан 15 августга қадар бўлиб ўтган 4 босқичли танлов натижалари бўйича ишчи гуруҳлар томонидан республика бўйича жами 630 нафар (Тошкент ва Сирдарё вилоятларида 40 нафардан, қолган ҳудудларда 50 нафардан) Клуб аъзолари саралаб олинди.
(Самарқанд вилоятида 50 нафар ёшлардан иборат “Келажак лидерлари” клуби фаолияти йўлга қўйилган)
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик учун танловнинг барча босқичлари Youtube платформасида тўғридан-тўғри трансляция қилинди ва жараённи онлайн кузатиш имконияти яратилди.
“Ўзбекистон 24” телеканалининг “Янгиликлар” дастурлари, “Ёшлар сиёсати амалда” кўрсатуви ва “Студия 24” кўрсатувининг махсус сони ва бошқа ОАВлари орқали Клуб фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, барча ҳудудларда маҳаллий телерадиоканаллар, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда танлов жараёнлари мунтазам ёритиб борилди.
Жорий йилнинг 24-28 август кунлари режа асосида барча ҳудудларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари иштирокида “Келажак лидерлари” клубларининг ташкилий йиғилишлари ўтказилиб, клублар фаолияти йўлга қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, Клуб 20 ёшга кирган ва 35 ёшдан ошмаган давлат фуқаролик хизматчилари, талабалар орасидан салоҳиятли ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, уларда лидерлик кўникмаларини шакллантириш, ёш кадрларни селекция қилиш мақсадида ташкил этилди.