Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали: тизим давлат хизмати учун муносиб кадрларни саралаб бермоқда

17:30 - 7 декабр 2021 Янгиликлар
2536

Бугун давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имконият яратиш мақсадида давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали(vacancy.argos.uz) мамлакатимизда оммалашди.

Бу амалиёт қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликлардан холи бўлган электрон платформа сифатида фаолият юритади. Ишга кирмоқчи бўлган номзодлар ҳужжатларини олиб ташкилотма-ташкилот, овора ва сарсон бўлиб юрмайди. Турли идоралардан ортиқча маълумотномаларни олиш ҳам талаб этилмайди. Муҳими, энди талабгорлар давлат идораларидаги барча бўш иш ўринлари ҳақида маълумотга эга бўлади. Яна бир ўзига хос жиҳати эса, ҳар бир номзод очиқ майдонда ўз билимини синаб кўриб, тест ва суҳбат босқичидан ўтади.

Ушбу платформанинг яратилиши меритократияга кенг йўл очиб берди. Том маънода “муносиблар ҳокимияти” дея таржима қилинадиган меритократия тамойили ривожланган мамлакатларда аллақачон урф бўлган. Бошқарувнинг бу тамойилига кўра, молиявий аҳволи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар энг қобилиятли, тиришқоқ ва лаёқатли номзодлар давлат фуқаролик хизматчилари лавозимларини эгаллайди. Нега деганда, мансаб пиллапояларидан кўтарилишда эришилган натижалар, қобилият ва ақл-заковат ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Энг асосийси, жорий этилаётган янги тизимда инсон аралашувини чеклашга қаратилган тадбирлар устувор аҳамият касб этади. Яъни, ҳужжат топшириш жараёнлари портал орқали, тест жараёнлари эса test.argos.uz платформасида амалга оширилиши ҳамда суҳбат жараёнлари онлайн трансляция қилинишини кўзда тутувчи рақамлаштириш технологиялари танлов жараёнларининг барча босқичларига жорий этилган.

Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш бўйича ягона электрон тизим бўлиб, интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.

Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Ушбу портал орқали бугунги кунда республиканинг 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликлардаги мавжуд 29 382 та вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилиниб, танловларда 357 296 нафар номзодлар қатнашган.

Танлов эълон қилинган 29 382 та вакант лавозимларнинг 2 301 таси ҳужжат топшириш жараёнида, 10 464 таси эса ҳужжат топшириш муддати тугалланиб, тест ва суҳбат ўтказиш босқичида, 16 617 тасида эса танлов якунига етган.

Давлат хизматига кириш учун ҳужжат топширган номзодларнинг 20 фоизи — 70 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. 5 402 нафар танлов ғолибларининг 455 нафарини хотин-қизлар, 1 576 нафари 30 ёшгача бўлган, 737 нафари давлат хизматига биринчи маротаба қабул қилинганлардир.  

Портал фаолияти йўлга қўйилганидан буён, бир кунда ўртача 15-20 нафар фуқаро давлат хизматига очиқ танлов орқали ишга қабул қилинмоқда.

Ишга қабул қилинган танлов ғолибларининг 1 828 нафари ташкилотнинг ўз тизимидан бўлса, 3 574 нафари бошқа тизимдан ўтган.

Тест ва суҳбат босқичи жараёнлари реал вақт режимида ёритилмоқда. Барча онлайн жараёнлар ҳаволаси телеграмдаги махсус (vacancy online) каналга тезкор жойлаштириб борилмоқда. Шунингдек, танлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ғолиблар ҳақидаги маълумотлар телеграмдаги махсус канал (vacancy winners) орқали эълон қилиб борилмоқда.

Бундай ёндашув давлат хизматига энг муносиб, малакали кадрларни бюрократик тўсиқларсиз очиқ ва адолатли танлов жараёнлари орқали жалб этиш имконини бермоқда. 


Аббос АКРАМОВ,

Президент ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 

бошқарма бошлиғи


Чоп этиш