"Келажак лидерлари" — янги авлод кадрлари
Жорий йилнинг 20-22 декабрь кунлари ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш ва муҳокама қилиш учун майдон яратиш, замон қаҳрамонларини кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакатдаги янгиланишларга фаол жалб қилиш, шунингдек, ҳудудлардаги “Келажак лидерлари” клублари ўртасига ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида “Келажак лидерлари I Республика форуми» ташкил этилди.
Юртимизда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиладиган ёшларга юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида ишонч билдирилмоқда. Натижада юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.
Жорий йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида Давлатимиз раҳбари томонидан иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантириш ташаббуси илгари сурилганди.
Мазкур ташаббусга асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги ПФ–6260-сонли Фармони билан тасдиқланган Дастур ижросини таъминлаш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳокимликлар ҳамкорлигида “Келажак лидерлари” клуби ташкил этилди.
Клуб олдига мақсад қилиб салоҳиятли ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, уларда лидерлик кўникмаларини шакллантириш, ёш кадрларни селекция қилиш, ёшлар орасида давлат хизмати жозибадорлигини ошириш вазифалари қўйилди.
20 ёшга кирган ва 35 ёшдан ошмаган давлат фуқаролик хизматчилари, талабалар орасидан Самарқанд вилоятида илк пилот сифатида 50 нафар ёшлардан иборат “Келажак лидерлари” клуби фаолияти муваффақиятли амалга оширилди.
Қолган 13 та ҳудудда "Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди ва 4 босқичли танлов орқали Клубга аъзоларни саралаш тартиби белгиланди.
Клуб аъзолиги учун 6 246 нафар номзод электрон ҳужжат топширган бўлиб, белгиланган малака талабларига кўра жами 3 002 нафар номзод саралаб олинди. Иккинчи, тест босқичида иштирок этиб, юқори бал тўплаган 1 381 нафар номзод “Халқни севадиган давлат хизматчиси” мавзусида эссе ёзишди. Номзоднинг амалий кўникма ва сифатларини баҳолашга қаратилган суҳбат босқичидан сўнг 670 нафар Клуб аъзолари саралаб олинди.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик учун танловнинг барча босқичлари Youtube платформасида тўғридан-тўғри трансляция қилинди ва жараённи онлайн кузатиш имконияти яратилди.
Жорий йилнинг 24-28 август кунлари режа асосида барча ҳудудларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари иштирокида “Келажак лидерлари” клубларининг ташкилий йиғилишлари ўтказилиб, клублар фаолияти йўлга қўйилди. Улар учун 6 ойга мўлжалланган махсус режа-жадвал ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда клуб аъзоларининг сони 670 нафардан ортиқ бўлиб, шундан 23 фоизи ёш хотин-қизлар, 30 фоизи олий таълим муассасалари талаба ёшлари, 2 фоизи илмий изланувчилар (докторантлар), 40 фоизи ёш давлат хизматчилари, 20 фоизи ёш раҳбарлар, 8 фоизини эса хусусий секторда ишловчилар ташкил қилади.
Ўтган қисқа вақт давомида ёш лидерлар томонидан “Ҳоким билан бир кун”, “Дублёр”, “Сектор раҳбари билан бир кун”, “Китобхонлик”, “Лидер китобхон”, “Ҳар ойда битта мактаб”, “100 кунда 10 та китоб”, “Озодалик — саломатлик гарови”, “Бир буюк шахсни кашф қил”, “English club”, “50 нафар янги лидерларни кашф эт”, “Саломатлик куни”, “Маҳалла раисига дублёр”, “Нотиқлик санъати”, “Раҳбар имижи”, “Келажак лидерлари кутубхонаси” каби лойиҳалар ташкил қилинди. Шунингдек, ёшлар турли соҳада муваффақиятга эришган давлат хизматчиларидан махсус сабоқлар олишди.
Лидерлар “ilm.argos.uz” платформаси орқали ўзларининг назарий билимларини ошириб, туман (шаҳар) вилоят ҳокимликларида малака оширмоқда. Лойиҳа йўлга қўйилганига қисқа вақт бўлишига қарамай 60 нафардан ортиқ ёш лидерлар юқори лавозимга тайинланди.
Республика форуми доирасида “Келажак лидерлари” клуби ҳудудий Форумлари ташкил этилди ҳамда улар орасидан лойиҳаларини муваффақиятли ҳимоя қилган, фаол давлат хизматчилари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Республика “Келажак лидерлари форуми”га таклиф қилинди.
Дастурга асосан, ёш лидерлар 20-21 декабрь кунлари “Тошкент ёшлар форуми – 2021”да иштирок этишди.
Айни дамда улар “Inno” технопаркида ташкил этилган Форумда қатнашишмоқда.
Форум давомида “Келажак лидерлари” клублари аъзолари учун махсус маҳорат дарслари ташкил этилди.
Шунингдек, ўқув машғулотлари давомида ёш лидерлар ўзларининг стартап лойиҳаларини янада такомиллаштиришади ва тақдимот қилишади. Очиқ, дўстона, самимий руҳда ўтган мулоқотларда республиканинг барча ҳудудларидан йиғилган ёш давлат хизматчилари ўзаро тажриба алмашишади. Давлат фуқаролик хизмати соҳасини янада ривожлантириш бўйича таклифларини билдиришади.
Форумнинг тақдирлаш маросимида тақдим этилган лойиҳалар орасидан ижобий баҳоланган 3 та тақдимот муаллифлари ва фаол ёшлар тақдирланади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу Клуб келгусида давлат хизмати соҳасида ёш кадрларни босқичма-босқич тайёрлаши, ёшлар орасида давлат хизмати жозибардорлигини оширишда, салоҳиятли ёшлар учун социал лифт вазифасини ўтаб, келгусида халқчил давлат хизматини кўрсатадиган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт драйверларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.