Туркияда ҳам давлат хизматига кадрлар вакансиялар портали орқали қабул қилинмоқда
Шунингдек, мамлакатда ёшлар учун электрон стажировка тизими, Инсон ресурслари аналитик ахборотлар тизими, Карьерани режалаштириш модули ишлаб чиқилган. Айни дамда Туркияда “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Делегациямизнинг Туркияга малака ошириш мақсадида қилган хизмат сафарининг иккинчи куни ҳам муваффақиятли ўтди.
Унда делегациямиз сафар Дастурига мувофиқ, Туркия Республикаси Президентининг Инсон ресурслари офиси, Маданият ва туризм вазирлигида учрашув ва ташрифлар бўлиб ўтди. Шунингдек,улар Анқарадан Конья шаҳрига ўтди.
Делегациямиз куннинг биринчи қисмида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари офиси раҳбари (Инсан Кайнаклари Офиси) Салим Атай ҳамда департамент раҳбарлари билан учрашишди. Очиқ мулоқотда мамлакатда кадрлар сиёсатини юритадиган Офис фаолияти юзасидан қатор тақдимотлар қилинди.
Офис томонидан яратилган вакансиялар портали ҳамда талабалар учун яратилган Электрон стажировка дастури тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, ҳозирги кунда ушбу порталда 3329 та вакансия ҳақида маълумот эълон қилинган бўлиб, Туркия фуқаролари электрон тизим орқали турли ҳил қоғозбозликдан холи ҳолда вакант лавозимларга ҳужжат топширмоқда.
Электрон стажировка дастури эса ўқишни тугатган ва тугатиш арафасида бўлган талабала ҳамда давлат хизмати ташкилотлари учун қулай тизим бўлиб, бугунги кунга қадар 44 минг ёшлар ушбу тизим имкониятларидан фойдаланган.
Кейинги тақдимотда Офис томонидан яратилган Инсон ресурслари аналитик ахборотлар тизими ҳақида гапириб ўтилди. Жумладан, ушбу тизимда Туркияда мавжуд бўлган 81 млн. киши ҳақида 65 та мезон бўйича маълумотлар борлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, ушбу мезонлар асосида Туркия давлатининг ҳудудий Инсон қобилиятлари харитаси ишлаб чиқилиши кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, Карьерани режалаштириш модули ҳақида маълумот берилди. Ушбу модул давлат хизматчилари учун карьерани ривожлантириш режасини тузишга кўмаклашади ҳамда бир давлат ташкилотидан бошқа давлат ташкилотига ишга ўтган давлат хизматчилари тўғрисида таҳлилий маълумот тақдим этади.
Офис томонидан давлат хизматчилари малакасини ошириш бўйича ишлаб чиқилган малака ошириш дастурий тизими 3 та модул — Карьера модули, Талантлар модули ҳамда Масофавий таълим модулидан иборат эканлиги маълум қилинди. Ҳозирги кунга қадар ушбу тизим орқали 3,3 млн. нафар давлат хизматчилари ўз малакасини оширган.
Офиснинг департамент раҳбари Саваш Чейлан малака ошириш тизимига ўзбекистонлик давлат хизматчилари учун ҳам фойдаланиш имкониятини очиш таклифини илгари сурди.
Шундан сўнг, Офис фаолияти, ташкилий тузилмаси ҳамда норматив-ҳуқуқий асоси тўғрисида тақдимот қилинди. Жумладан, ҳозирги кунда Офис томонидан “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги тўғрисида маълумот берилди. Лойиҳалар ва ахборот технологиялари департаменти раҳбари Саде хоним яратилган барча тизимларнинг асоси бўлган ERP тизими ҳақида гапириб берди.
Учрашувда Офис раҳбари Салим Атай ҳам иштирок этди. Салим Атай Ўзбекистон делегацияси аъзоларини кўрганидан хурсандлигини ва қардош Ўзбекистон давлати билан тизимли равишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди. Ва биринчи марта Офис тизимлари тўғрисида маълумотлар тўлиқ Ўзбекистон делегацияси аъзоларига тақдим этилганини маълум қилди. Шунингдек, давлат бошқаруви тизимида туркий давлатлар ҳамкорлиги муҳим эканлигини билдирди.
Ўзбекистон делегацияси учун навбатдаги манзил Маданият ва туризм вазирлиги бўлди. Унда Туркиянинг туризм сиёсати ҳақида тақдимот қилинди. Тақдимотни Маданият ва туризм вазири ўринбосари Сердар Чэм олиб борди.
Тақдимот сўнгида Бухоро шаҳри ҳокими ҳамда Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокими томонидан Туркия давлати билан туризм соҳасида ҳамкорлик олиб бориш тўғрисида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Шундан сўнг делегациямиз Анқарадан Коня шаҳрига жўнаб кетди. Жараёнлар давом этмоқда.