Давлат идоралари ва ташкилотларидаги 700 га яқин бўш иш ўринлари учун танловлар ўтказилмоқда

15:13 - 31 январ 2025 Янгиликлар
72

Кимлар, қандай тартибда ушбу танловларга иштирок этиши мумкин, танлов жараёнлари қандай босқичларни ўз ичига олади. Ҳозир, шулар ҳақида маълумот берамиз.

Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz фаолияти 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан йўлга қўйилди. Натижада давлат хизматига қабул қилиш жараёнида очиқлик ва шаффофлик таъминланди.

Жорий йилнинг 31 январь ҳолатига кўра, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали   -vacancy.argos.uz платформасига уланган ташкилотлар сони 17 952 тани, танлов жараёнлари давом этаётган вакансиялар 682 тани ташкил этмоқда.

Айни пайтда порталда 536 111 нафар фуқаро ўз резюмесини шакллантирган. 80 682  нафар фуқаро давлат фуқаролик хизматига қабул қилинган.

Ушбу танловлар қандай ташкил этилади? Жараёнда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг(АРГОС) вазифалари нималардан иборат?

Агентлик томонидан жорий қилинган Порталда вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида шаклланади.

Вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар Порталга жойлаштирилган сана мазкур лавозимни эгаллаш бўйича танлов эълон қилинган кун деб ҳисобланади.

Танлов 3 та босқичдан иборат бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

биринчи босқич – номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва саралаш;

иккинчи босқич – номзодларнинг билимини тест синовидан ўтказиш;

учинчи босқич – номзодлар билан суҳбат ўтказиш.

Агентлик танловлар бўйича қуйидаги ишларни амалга оширади:

 — давлат органларидаги вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилинишини таъминлайди;

— ҳудудлардаги тест синовлари марказлашган ҳолда Агентликнинг филиалларида ҳамда Агентликнинг — test.argos.uz платформасида ўтказилади;

—  танловларни белгиланган тартиб асосида ўтказилиши устидан назорат олиб боради;

— танловларнинг суҳбат босқичида ўз вакилини кузатувчи сифатида юборади;

— танловни ташкиллаштириш ва ўтказишда белгиланган қоидага риоя этмаслик ҳолатлари, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилишига таъсир ўтказган ноқонуний хатти-ҳаракатлар аниқланган тақдирда, танлов натижасини тўлиқ ёки қисман бекор қилади.

Очиқ танловларни ташкил этишда комиссиянинг вазифалари нимадан иборат?

Давлат органида танловларни ўтказиш учун доимий фаолият юритувчи Танловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш комиссияси тузилади.

Танлов комиссиясининг таркиби давлат органи раҳбари томонидан тасдиқланади. Танлов ўтказилаётган давлат органининг кадрлар бўлинмаси танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

Танлов комиссиялари ваколатлари:

  • номзодларнинг вакант лавозим малака талабларига мослиги бўйича хулоса бериб, танловларнинг тест босқичига ўтган номзодларни белгилайди;
  • вакант лавозим хусусиятидан келиб чиқиб, тест синовлари натижаларини ижобий деб топиш учун 56 фоиздан юқори балл белгилаши мумкин;
  • танловларнинг суҳбат босқичини интервью ёки тақдимот каби усуллар асосида ўтказади;
  • суҳбат натижаси бўйича ҳар бир Танлов комиссияси аъзоси номзодларни баҳолайди;
  • суҳбат натижасига кўра, энг юқори балл тўплаган номзодни танлов ғолиби деб топади.

Имтиҳон (тест) саволлари мутахассислик йўналишига боғлиқми?

Танловларнинг тест босқичи Агентликнинг test.argos.uz платформаси орқали ўтказилмоқда. Унда 40 та савол берилиб, 100 балл тизимида баҳоланади.

Номзод томонидан тест синовлари умумий кўрсаткичининг камида 56 фоизига тенг балл тўпланиши,  танловнинг кейинги босқичига ўтиши учун асос бўлади.

Шунингдек, танлов комиссиясининг қарорига асосан, тест синовлари натижаларини ижобий деб топиш учун 56 фоиздан юқори балл белгиланиши мумкин.

Тест саволлари 2 кисмдан иборат бўлиб, биринчи қисм бугунги кунда давлат фуқаролик хизматчисига қўйилган талаблардан келиб чиқиб, унинг — миллий қонунчилик, давлат тили, ахборот коммуникация технологиялари, мантиққа оид билимларини баҳолашга қаратилган саволлардан иборат.

Иккинчи қисм эса бевосита давлат органлари томонидан тайёрланган вакант лавозимдан келиб чиққан ҳолда мутахассислик саволларидан иборат.

Тест синови давомида номзодга юқоридаги ҳар бир йўналиш бўйича 10 тадан жами 40 та савол ҳавола этилади ҳамда жавобларни белгилаш учун 60 дақиқа вақт берилади.

Очиқ танловларнинг тест синови босқичида ягона ўтиш бали белгиланганми?

Айни дамда номзод  тест синови жараёнида 56 балл тўплаган тақдирда, у 3 ой давомида танловларнинг тест синови босқичида иштирок этмайди. Бунда номзод ҳужжатлари малака талабларига жавоб берган тақдирда автоматик суҳбат босқичига ўтганлиги юзасидан хабар олади.

55 баллгача тўплаган номзод  ўрнатилган тартибда тест синовида қатнашиши шарт бўлади.

Чоп этиш