Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига киритаётган таклифлар халқаро мутахассислар кўмагида экспертизадан ўтказилмоқда

14:54 - 18 январ 2022 Янгиликлар
493

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов британиялик халқаро эксперт Жонатан Слейтер билан учрашди. 

Учрашувда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқиш доирасида давлат фуқаролик хизматчиларининг салоҳиятини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. 

Мулоқотда 2022−2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш доирасида давлат бошқаруви органларининг кадрлар салоҳиятини ривожлантириш юзасидан тайёрланган таклифлар ҳақида маълум қилинди. 

Бундан ташқари, Отабек Хасанов Агентликнинг устувор йўналишлари — давлат фуқаролик хизматига кадрларни очиқ танлов асосида қабул қилиш тизими, ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш механизми, давлат хизматчилари малакасини узлуксиз ошириш, миллий кадрлар захирасини шакллантириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Мулоқот давомида халқаро эксперт Жонатан Слейтер Агентлик томонидан олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Шунингдек, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича очиқ танловлар тизими, давлат хизматчилари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари бўйича баҳолаш механизми юзасидан таклифларини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари 2021 йил 22 ноябрь куни  “2022−2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишни имзолаган эди.

Фармойиш билан Ишчи гуруҳлари тузилиб, уларга давлат бошқаруви соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳар томонлама асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Давлат бошқаруви органларининг кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш Ишчи гуруҳи раҳбари этиб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов белгиланди.

Чоп этиш