Туман (шаҳар) прокуратура, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари учун семинар-тренинг ташкил этилди

13:15 - 4 апрел 2022 Янгиликлар
705

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда аҳолининг муаммоларини жойида, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этишни таъминлашга қаратилган яхлит тизим яратилди.

Ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этишда бошқарув қарорларини қабул қилиш, иш вақтини самарали тақсимлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш каби кўникмаларга эга бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Сектор раҳбарларининг секторлар ишини ташкил этишдаги фаолияти самарадорлигини янада ривожлантириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг апрель ойи давомида семинар-тренинг ташкил қилинди. 

Тўрт босқичда ўтказиладиган мазкур ўқув машғулотига Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг лавозимга янги тайинланган туман (шаҳар) сектор раҳбарлари жалб қилинган бўлиб, ўқувда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари ва мақсадлари, ҳудудларда секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора тадбирлари, сектор раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари, натижаларни ҳисобга олиш ва баҳолашнинг асосий мезонлари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликни ташкил этиш каби мавзуларда 20 дан ортиқ тренинглар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмалари профессионал жиҳатдан янада ривожлантирилади.

Шунингдек, назария ва амалиёт яхлитлигини таъминлаш учун тингловчиларга Тошкент шаҳрининг Олмазор, Сергели, Янгиҳаёт туманларида амалий машғулотлар ташкил этилади.  

Махсус ўқув курсининг ҳар босқичи якунларида ўтилган мавзулар ва соҳага доир тест синови ўтказилди ва ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган иштирокчилар сертификат билан тақдирланади.

Чоп этиш