Фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби такомиллаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг муҳим вазифаларидан бири бу энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) асосида давлат хизматчилари фаолиятининг натижадорлигини баҳолаш тартибини белгилаш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ҳудуд раҳбарлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича белгилаган вазифаларини бажариш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан 2020 йилда синов тариқасида Республиканинг 12 та туман (шаҳар)ларида, 2021 йилдан эса барча туман (шаҳар)ларида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилди.
Таъкидлаш лозимки, тегишли соҳаларда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини қайта кўриб чиқишга эҳтиёж сезмоқда.
Мазкур баҳолаш кўрсаткичларини такомиллаштириш мақсадида Агентлик директори ўринбосари Н.Максумов раҳбарлигида Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти мудири Б.Мирусманов, масъул ходимлар Б.Рустамов, О.Рахимов, А.Дадабоев ва Ш.Турсуновлар, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари ҳамда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг туман (шаҳар)лар ҳокимининг ўринбосарлари иштирокида ZOOM платформаси орқали семинар ва муҳокама йиғилишлари ташкил этилди.
Хусусан, жорий йилнинг март-апрель ойларида Миробод, Паркент ва Тошкент тумани ҳокимликларида масъул раҳбарлар ва ходимлар иштирокида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолияти самарадорлигининг баҳолаш кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, амалдаги ислоҳотлар нуқтаи назаридан баҳолаш ўтказилди.
Шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар филиалида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекчорванасл”, Тошкент вилояти ҳокимлигининг масъул ходимлари ҳамда Тошкент ва Янгийўл туманларининг соҳа бўйича ўринбосарлари иштирокида қишлоқ хўжалиги йўналишидаги энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш бўйича йиғилишташкил қилинди.
Мазкур йиғилишда Агентлик директори ўринбосари Н.Максумов соҳа бўйича ўринбосарларини баҳолашда мантиқий изчиллик асосида ягона баҳолаш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида урғу берди.
Вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, дастурлар ва назорат режаларда берилган вазифа ва функцияларни ҳисобга олган ҳолда самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш бўйича фикрларини бериб, ушбу билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида баҳолаш кўрсаткичлари умумлаштирилди.
Хулоса ўрнида, туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда кўрсаткичлар ишлаб чиқишни мукаммаллаштирилиши келгусида аҳолининг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини самарали ҳал этишга хизмат қилиши билан биргаликда, ҳар бир давлат органлари ва ташкилотларининг олдига қўйилган вазифа ва функцияларни юқори суръатларда бажарилишига замин яратади.
Давлат хизматчилари фаолиятини
мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти