Наманганда давлат хизматчисининг ота-онаси, яқинларига эҳтиром кўрсатилди
Давлат хизматчиси ўз соҳасида самарали ишлаши учун аввало унинг оиласи тинч, рўзғори бут бўлиши лозим. Айниқса, фаолиятда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, хизмат вазифасига виждонан ёндашиши, ҳалол ва самарали ишлашида оиланинг ўрни беқиёс.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали яхши ташаббус билан чиқди. Филиал ходимларининг ота-оналари, яқинлари ҳамда давлат хизматида ишлаб кетган, нафақадаги нуронийларни ташкилот биносига таклиф этиб, ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган шароитлар, айни дамда давлат вакили бўлган фарзандларининг халқ билан қай тарзда ишлаши билан яқиндан таништирди.
Филиал раҳбари Шуҳратжон Тўхтабаев меҳмонлар билан самимий мулоқоти давомида мамлакатимизда кадрлар сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Агентлик фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди. Халқчил давлат хизматининг ўзига хос жиҳатларига тўхталди.
Мулоқотда ҳар бир ходим зиммасидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан, ҳалол, виждонан ва садоқат билан бажаришида оиланинг, айниқса, ота-онанинг ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.
— Фарзандим Агентлик тизимида ишлаётганидан фахрланаман. Бугун ходимлар учун яратилган қулайликларни кўриб янада қувондим. Аҳил жамоаси, меҳнат қилиб толиқса, дам оладиган алоҳида жойи, мутолаа учун кутубхонаси ҳам бор. Бу неъматларга шукур қилиш, энди фақатгина садоқат ва ҳалоллик билан ишлаш керак, — деди филиал ходими отаси Маматхон Усманов.
Агентлик ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Қолаверса, давлат хизматчисининг оиласида камол топаётган фарзандларнинг ҳам ота-онаси ишлаб турган корхона ва идораларга экскурсиясини ташкил этиш − келажак кадрларининг таълим-тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишига ишонамиз.