Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул вакили Ўзбекистоннинг БААдаги Элчиси билан учрашди
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Даврон Абдурашидов БААга хизмат сафари доирасида Ўзбекистоннинг мамлакатдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдулазиз Аққулов билан учрашди.
Учрашувда давлат хизматини ривожлантириш бўйича БАА тажрибасини ўрганиш, тегишли турдош ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот аввалида Элчи А.Аққулов икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Хусусан, БАА ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш Дастурининг имкониятлари, айни пайтда Дастурнинг иккинчи босқичини амалга ошириш учун таклифлар кўриб чиқилаётганлигини қайд этди. Шу билан бирга, мазкур Дастурда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги иштирокини кенгайтириш, БАА билан давлат хизматини ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, учрашув давомида Д.Абдурашидов Агентлик фаолияти ҳақида тўхталиб, давлат хизматчилари (ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмалари вакиллари, аёл давлат хизматчилари, “Келажак лидерлари” махсус ўқув дастури тингловчилари) учун қисқа муддатли малака ошириш дастурларини ташкил қилиш таклифини билдирди. Бу борада Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Элчихона билан ҳамкорликни режалаштираётганини маълум қилди.
Учрашув якунида БААнинг тегишли ташкилотлари билан алоқаларни фаоллаштириш, мамлакат ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш Дастурида Агентлик иштирокини кенгайтириш, давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировкаларни ташкил қилиш масалаларида келишилди.