"Y" ва "Z" авлод, улардан қандай қилиб самарали фойдаланиш мумкин?

16:48 - 4 июл 2022 Янгиликлар
2089

Тадқиқотларга кўра, кейинги 10 йил ичида "Y" ва "Z" авлодлари ҳар қандай ташкилотнинг асосий ишчи кучига айланади. Уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун ушбу авлодлар тўғрисида тасаввурга эга бўлиш ҳар бир HR-менежерга ёрдам беради.

"Y" ва "Z" авлодлар вакилларини бошқариш осон эмас, уларда такаббурлик, иш учун қизиқишнинг тез сўниши ҳолатлари бўлади.

Табиийки, бунда улар билан қандай ҳамкорлик қилиш керак, деган савол кишини ўйлантиради. "Y" ва "Z" (зумер ва миллениаллар) авлодидан самарали фойдаланиш учун бошқарувнинг қайси усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ?

Биринчи навбатда, “авлод” тушунчасига жавоб топамиз. “Авлод” сўзи араб тилидаги “валад” (“бола” сўзининг кўплиги) сўзидан олинган бўлиб, биринчи маъноси — умумий аждодларидан қариндошлик муносабатлари билан бир хилда узоқлашган кишилар гуруҳи бўлса, иккинчи маъноси — маълум давр кишилари, яъни маълум бир тарихий даврда туғилган бир гуруҳ одамлардир.

Биз айнан иккинчи маънодаги авлодни назарда тутиб, таҳлилни амалга оширамиз. Одатда, авлодлар ҳар 20 йилда бир марта алмаштирилиб, бу одамларга бир хил ўсиш босқичида ўхшаш тенденциялар таъсир кўрсатганлиги сабабли улар ўхшаш хатти-ҳаракатлар, эътиқодлар ва мотивларга эга.

Шу билан бирга, авлодлар назарияси бу одамга туғилишидан то 10 ёшгача бўлган даврда шаклланган қадриятлар ва одатий хатти-ҳаракатлар ҳисобланади.

Ушбу даврда болага қуйидаги тўртта омил таъсир қилади:

-  мамлакат тарихидаги катта воқеалар, масалан, жаҳон уруши;

-  болага ота-оналар ва мактаб томонидан берилган тарбия;

- ОAВ сиёсати, матбуотда, радио ва телевидениедаги хабарлар;

- Дефицит (болаликда болага етишмаган нарса). Масалан, ҳозирда болаларда жонли алоқа йўқлиги авлод учун жуда муҳим фактор бўлади.

Юқоридаги тўрт омил ҳар бир авлодга ўз таъсирини кўрсатиб боради. Шуниси эътиборлики, жамиятда кўп нарса ўзгариши мумкин. Аммо авлоднинг шаклланган қарашлари ўзгармасдан бир хил бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, одамларни маълум бир авлодга мансублигини аниқлашда қуйидаги  бир нечта омилларга риоя қилиш керак:

- бир хил тарихий воқеалар ва ижтимоий ҳодисаларга дуч келишади;

- умумий қадриятлар, эътиқодлар ва хатти-ҳаракатларга эга;

- ўз авлоди вакиллари билан бир гуруҳга тегишли бўлишини ҳис этиши.

"X", "Y", "Z" авлодлари назарияси нимани англатади?

Aвлодлар назарияси тарих, сиёсатшунослик, маданиятшунослик, иқтисодиёт ва  технология тарихи каби бешта фанларга асосланган. Ушбу назарияни Уилям Штраусс ва Неил Хов яратган. Улар ўтказган тадқиқотнинг асосий мақсади авлоднинг дунёқарашига қандай тажриба таъсир қилганини аниқлаш бўлган.

Мазкур назария AҚШнинг 500 йиллик ривожланиш тарихини таҳлил қилишга асосланган бўлиб, у АҚШ иқтисодиётидаги цикллар билан боғлиқ бўлган: кўтарилиш, тушишлар, рецессия ва ҳ.қ. Уларнинг назарияси бўйича жамият доимо ўзгариб туради, янги технологиялар, касблар ва соҳалар пайдо бўлиб ҳаттоки йўқолади, аммо тарихий цикллар сақланади ва келажакда сақланиб ҳам қолади. 

1991 йилда Штраусс ва Хов биринчи “Авлодлар” китобини нашр этиб, унда AҚШ тарихи 1584 йилдан буён турли авлодларнинг таржимаи ҳоли сифатида тасвирланган. 1997 йилда олимлар яна бир “тўртинчи бурилиш” китобини нашр этган ва унда муаллифлар назарияни ишлаб чиқишни давом этиб, тўрт қисмли авлод циклини, шунингдек, AҚШ тарихидаги такрорий хатти-ҳаракатларни тасвирлаган.

"Aвлод" назарияси дастлаб Aмерика тарихи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам кенг қўлланилган. Бироқ, ҳар бир давлатнинг ўзига хос ривожланишидан келиб чиқиб, хронологик интерваллар ҳам фарқ қилади.

Ҳозирги даврда республикамизда қуйидаги бешта охирги авлодни ажратиш мумкин:

1. 1923 йилдан 1943 йилгача туғилганлар — “камгап” авлод. Улар Иккинчи жаҳон уруши олдидан туғилиб, унинг барча даҳшатларини бошдан кечирдилар ва уларнинг оилалари қатағонлардан азият чекканлар. Улар “камгап” деб аталади, чунки улар ортиқча гапириш ва жамиятда ўзларини назорат қилишдан қўрқишади. Бу авлод қонун ва мақомни ҳурмат қилади ва жудаям меҳнатсевар бўлади.

2. 1944 йилдан 1963 йилгача туғилганлар — Беби Бумер. Беби Бумер бугунги кунда энг катта авлод ҳисобланиб, улар учун катта режалар ва ютуқлар муҳимдир. Уларнинг фикрича, ҳар қандай маҳсулот глобал фикрга эга бўлиши керак ҳамда улар оптимистик кайфиятни ва ёрқин келажакка бўлган ишончни жудаям қадрлайди.

3. 1964 йилдан 1984 йилгача туғилганлар — 13 - авлод, "Х" авлоди. Ушбу авлод вакиллари ноёб бўлишни яхши кўради, чунки улар болалигида жуда кўп нарсаларни кўрган ва энди бошқалардан фарқли бўлиши улар учун жуда муҳимдир. "Х" авлоди профессионаллик ва чуқур билимларни қадрлашади.

4. 1985 йилдан 2002 йилгача туғилганлар — "Y" ёки миллениаллар. Улар бир минг йилликдан иккинчисига ўтганлар бўлиб, глобал тармоқ авлоди ёки кейинги (Next) авлод ҳисобланади. Бу авлод вакиллари учун ўз мамлакатини ва дунёни яхшироқ қилиш муҳим ҳамда улар янгилик ва ижобий муносабатни қадрлашади. Милленниаллар глобал қадриятларга ва ўз-ўзини билишга катта эътибор беришади.

5. 2003 йилдан 2024 йилгача туғилганлар — "Z" ёки хоумлендерлар. Улар учун энг юқори қадр-қиммат — бу уй. Зумерлар учун ҳар қандай тезис фан томонидан тасдиқланиши лозим. Улар ҳамма нарсада хавфсизлик ва қулайликни устун қўйишади ва бунинг учун пул тўлашга ҳам тайёр. Ушбу авлод вакилларида ҳали барча авлодга хос хусусиятлари аниқламаган. Фақатгина 2024 йилдан кейин уларнинг шаклланганлиги тўғрисида фикр юритиш мантиқан тўғри бўлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир авлод учун вақт чегаралари мавжуд, аммо олдинги ва кейинги авлодларга таъсир қиладиган чегара авлодлар ҳам бор.

Х авлоди, 1965-1980 йилларда туғилганларнинг афзал ва кучли томонлари:

— барча авлодлар ичида энг кўп сонли;

— ҳар қандай вазиятга яхши мослашади;

— турли аудитория билан муваффақиятли мулоқотга киришади;

— барча авлодлар ичида энг мустақил;

— масъулиятли;

— асоссиз мақтовни ёқтирмайди ва ўзлари ҳам фақат айрим ҳолларда мақташади;

— кўп йиллар давомида лавозимдан лавозимга хотиржам кўтарилишади;

— улар лавозимда кўтарилишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам ривожланишга, ўз устида ишлашга интилишади;

— улар учун муваффақият бу – оила, уй, машина ва барқарор иш жойи.

"Х" авлоди вакиллари билан ишлашда қуйидагиларга эътибор берилса, улардан самарали фойдаланиш мумкин:

"Х" авлод вакиллари мукаммал ташкилотчи, мустақил ва автоном бўлганлиги сабабли уларни чеклаш ёки ҳар бир қадам учун ҳисобот беришга мажбурлаш керак эмас. Бундай ҳаракатлар кўп ҳолларда уларнинг мотивацияси йўқолишига олиб келиши мумкин.

Улар қийинчиликларни енгишни ёқтиришади, шунингдек, мослашувчанлик (адаптация) даражаси юқори бўлганлиги сабабли оғир шароитларда яхши ишлашади. "Х" авлоди ҳаёт синовларига ҳар доим тайёр. Ушбу авлод вакилларига янги лойиҳани нолдан охиригача ишончли тарзда топшириш мумкин.

Ҳаёт ва иш ўртасидаги мувозанат муҳим бўлганлиги сабабли, уларга иложи борича мослашувчан иш жадвали шароитини яратиб берган яхши.

"Х" авлоди учун бажарган ишларини баҳолаш ҳам зарур, чунки улар касбий ривожланишга катта аҳамият беради. "Х" ходими учун ўз раҳбари билан яхши муносабатда бўлиш ҳам муҳимдир.

"Х" авлод учун лавозим поғоналарида ўсиш биринчи ўринда ҳисобланади ва агарда ўсиш учун имкониятларни кўрмаса компанияни тарк этишлари мумкин.

Бу авлод ишлаган жойига иш сифатини, қатъий интизом ва ўзгаришларга мослашиш (адаптивлик) каби хусусиятларни олиб келиши мумкин. Улар миллениаллар учун яхши мураббийлар бўлади.

Y авлоди, 1985-2003 йилларда туғилганларнинг ўзига хос хусусиятлари:

— мустақил ҳаётни бошлашга шошилмаслиги;

— ишдан ташқари ўқиш, спорт, севимли машғулотларига (хобби) кўп вақт ажратиши;

— ишда психологик қулайликка (комфорт) интилиши;

— юқори техник (компьютер) саводхонликка эга;

— юқори лавозимларга ва юқори маош олишга ҳаракат қилишади;

— бирон бир тўсиқ, чегараларни қўйилишини ёқтиришмайди;

— “ёмон кун” учун пул қолдирмаслиги;

— катта муваффақиятга олиб келадиган ғоя учун ишлаши мумкин;

— онлайн 24/7;

— ўз соғлиғига эътибор беради;

— меҳнаткаш ва ностандарт фикрлашга эга.

Ушбу авлод вакиллари билан ишлашда нималарга аҳамият бериш керак?

Улар учун аниқ мақсад ва лавозимда кўтарилиш имконияти жуда муҳим омил ҳисобланади. Улар учун янги марраларни қўйиб, эришган ютуқлари ташкилотнинг равнақи ва фаровонлиги учун қанчалик қадрли эканини таъкидлаб ўтиш лозим.

"Y" ходимларининг нафақат касбий маҳоратлари, балки ички мотивацияси ва шахсий фазилатларини баҳолаб бориш керак.

Жамоавий ва гуруҳ лойиҳаларида улардан фойдаланиш ўз самарасини беради. Айнан шу каби фаолиятда "Y" авлоди вакиллари ўз салоҳиятини очишга ёрдам беради ва улар ўзларини қулай ҳис қилишади.

"Z" авлоди ёки зумерлар, 2004-2024 йилларда туғилганлар

Мазкур авлод вакилларининг ўзига хос хусусиятлари ҳали шаклланмаган бўлсада, асосий белгиларини таъкидлаш мумкин:

— ўз уйини қадрлайди;

— телефон ёки компютерга жудаям боғлиқлиги;

— моддий қадриятлар муҳим ўрин эгалламаган;

— тежамкор;

— ўзига ёқадиган ишни қидиришади;

— кўп ўқийди, тилларни ўрганади, улар учун кўп соҳаларда ривожланган бўлиш муҳим;

— ҳамма жойда ва ҳамма нарсада тенглик ва камситиш йўқлигига ишониши;

— жудаям оптимист;

— улар учун иложи йўқ нарса мавжуд эмас ҳамда улар жудаям шижоатли в юқори марраларни эгаллашга катта эътибор беришади;

— улар учун ўз-ўзини англаш муҳим;

— ҳар доим алоқада.

"Z" авлод билан қандай ишлаш керак?

Улар ноёб маҳсулотларни яратишга қизиқишади ва инновацион имкониятларни берадиган ташкилотларда ишлайди. Ҳар доим алоқада бўлиш ва масофадан ишлаш имконияти мавжуд бўлганда, офисда ўтириб ишлаш зарурати йўқ, деб ҳисоблашади.

"Z" авлод вакиллари ёшлигидан лавозим поғонасида ўсиш йўлини (карьера) танлашни билади. Улар атрофида мавжуд бўлган кўплаб замонавий технологиялардан кенг фойдаланади(веб-семинарлар, YouTube, подкастлар). Карьерадаги ривожланиши уларнинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди, бироқ бунга сабаб пул эмас, балки шахсий ривожланишдир. Шахсий брендни ривожлантириш имконияти мавжудлиги ва бошқалардан ажралиб туриши, лекин ўзлигини йўқотмаслик улар учун катта аҳамиятга эга. Aксарият "Z" вакиллари ўзларини уникал стартап лойиҳаларини ишлаб чиқишга интилади.

"Z" авлоди вакиллари ҳар куни камида 10 соат онлайн бўлиб, ҳар доим алоқада бўлишни яхши кўради. Улар учун ижтимоий тармоқлар орқали нафақат дўстлар билан, балки бутун дунё билан алоқани ҳис этиш жуда муҳимдир.

Aвлодлар чегаралари жудаям шартли ҳисобланади. Ҳеч қандай калит буралганлиги сабабли янги авлод одамлари туғила бошламайди, ушбу жараён аста-секин содир бўлади.

Юқорида кўриб чиқилган хусусиятлар — авлодлар назариясига таяниб қилинган фикр ва мулоҳазалар. Мазкур назарияни ҳудди бошқа назарияларга каби ўзини тарафдорлари ва рақиблари ҳам бор. Ушбу авлодлар назариясидан HR, маркетинг ва менежментда кенг тарқалган ва амалиётда қўлланилади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир авлод ўзи ишлаган ташкилотига ноёб уникал қарашни ва ўзига хос хусусиятларни таклиф қилиши мумкин. Ташкилотда турли ёшдаги ходимларнинг мавжудлиги унинг олдига қўйган  вазифаларини бажаришда ва инновациялар учун катта самара олиб келади. Уч авлоднинг биргаликда ишлаши эса ҳар бир ташкилотга муваффақият олиб келади.
 

Мухсина Хусанова, 

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори

Чоп этиш