Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги делегациясининг Малайзияга хизмат сафари бошланди
Мақсад — давлат хизматига оид Малайзиянинг илғор тажрибасини ўрганиш.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида давлат хизматига оид илғор тажрибани ўрганиш мақсадида Агентлик вакилларининг Малайзияга хизмат сафари ташкил қилинди.
Дастурга мувофиқ, Давлат бошқаруви миллий институти (INTAN), PEMANDU Associates хусусий консалтинг компанияси, Малайя университети ҳузуридаги Халқаро давлат сиёсати ва менежменти институти (INPUMA) ҳамда Малайзия Давлат хизматлари комиссиясида учрашувлар ўтказилиши белгиланган.
Шунингдек, хизмат сафари давомида:
Малайзияда давлат хизмати трансформацияси, давлат хизматини рақамлаштириш ташаббусларини ўрганиш;
давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими, давлат хизматчиларининг янги авлодини шакллантириш ва ёш кадрларни саралаб олиш механизми бўйича тажриба орттириш;
давлат хизматчиларини психологик баҳолаш методикалари ва ассессмент марказлари фаолияти билан танишиш;
давлат хизматчиларининг меҳнат самарадорлигини баҳолаш механизмлари, фаолият натижадорлигини бошқариш, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича фикр алмашиш ва амалий машғулотлар ташкил этиш режалаштирилган.
Хизмат сафарининг биринчи кунида Агентлик вакиллари Давлат бошқаруви миллий институти (INTAN) ҳамда PEMANDU Associates хусусий консалтинг компаниясида бўлишди. Ушбу тузилмалар фаолияти билан яқиндан танишилди.
Хизмат сафари 31 июлга қадар давом этади. Жараёнлар ҳақида маълумот бериб борамиз.