Давлат фуқаролик хизматчисининг фаолиятида натижадорлик — бош мезон бўлади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 4 август куни давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, ҳозирги кунда давлат хизматида 118 минг киши меҳнат қилаётганлиги, натижадорлик бўйича айтганда, ҳали давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга тўлиқ айланмагани таъкидланди.
Шунингдек, Президентимиз давлат хизматчилари фаолиятининг кафолатларини кучайтирилиши бўйича, хусусан, келгуси йилдан ходимнинг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб рағбатлантириш тизими жорий қилиниши бўйича топшириқлар бердилар.
Таъкидлаш лозимки, 2022 йил 8 август куни “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонуннинг 36-моддаси “Давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш” масаласига бағишланган бўлиб, унга кўра,
давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш ҳамда холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш учун унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш тизими жорий этилиши;
давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар асосида баҳолаш услубияти махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши;
давлат органи давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш услубиятига мувофиқ фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўз ички тартибини белгилаши каби нормалар мустаҳкамланди.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан миллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш, таҳлил қилиш, илғор тажриба, ютуқлардан фойдаланган ҳолда “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш УСЛУБИЯТИ” лойиҳаси тайёрланди.
Мазкур Услубият “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36-моддасига асосан давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматчисини рағбатлантириш, холисона ва адолатли мезонлар асосида хизматда лавозим бўйича кўтарилишини таъминлаш мақсадида унинг фаолияти самарадорлигини энг муҳим кўрсаткичлар (ЭМСК) асосида баҳолаш тартибини белгилайди.
Ушбу тизим кадрларнинг касбий фаолиятида юқори натижаларга эришишини рағбатлантириш орқали давлат органи фаолиятининг натижадорлигини оширади.
Таъкидлаш лозимки, давлат органида баҳолаш қуйидаги изчиллик асосида амалга оширилади:
фаолият самарадорлигини баҳолаш бўйича давлат органига юклатилган вазифа ва функциялар, шунингдек давлат дастурлари ва назорат режалар ҳамда топшириқлардан келиб чиққан ҳолда давлат органининг ЭМСКни ишлаб чиқиш;
давлат органининг ЭМСКни “занжир услуби” асосида тақсимлаш орқали давлат фуқаролик хизматчисининг индивидуал ЭМСКни ишлаб чиқиш;
ЭМСКга эришилиши бўйича доимий мониторинг олиб бориш.
ЭМСКнинг натижаларига кўра рағбатлантириш ва таъсир чоралари қўлланади. ЭМСКнинг мақсадли ва амалдаги натижаларини мунтазам равишда Ягона электрон платформага киритиб борилишини таъминланади.
Баҳолаш тизимининг асосий тамойиллари:
мувофиқлик – баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчисининг индивидуал ЭМСКни давлат органининг ЭМСК билан ўзаро боғлиқ бўлиши;
ишончлилик – баҳолашнинг амалдаги натижаларини тегишли фактлар билан тасдиқлаш имкони мавжуд бўлиши;
шаффофлик – маълумотларни келиб чиқиш манбасини текшириш имкони яратилиши;
адолатлилик – ЭМСК мавжуд имконият ва ваколатларга мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилиши, баҳолаш ва унинг натижалари бўйича қўлланиладиган рағбатлантириш ва таъсир чоралари одилона бўлиши, яъни ходимларни натижадорликка йўналтириши керак.
Давлат фуқаролик хизматчисининг ЭМСК қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
аниқ, прогноз қилинаётган натижа ва кутилаётган ижобий ўзгаришлар тўғри белгиланиши;
ўлчанадиган, муайян шартли бирликларида ўлчаш мумкин бўлган кўрсаткичлардан фойдаланилишини назарда тутиши;
эришиш мумкинлиги, прогноз қилинаётган параметрлар мавжуд ресурс ва ваколатлар билан мувофиқ бўлиши;
вақт чегарасининг мавжудлиги, эришишнинг аниқ муддатлари белгиланиши;
компетентлиги, ЭМСК давлат фуқаролик хизматчисининг белгиланган вазифалари ва жавобгарлиги доирасида бўлиши;
мақсадлилиги, давлат органининг стратегик мақсадларига эришишга йўналтирилганлиги.
Услубият билан:
баҳолаш тизимини жорий этиш босқичлари;
баҳолаш тизимини жорий этишни ташкиллаштириш;
ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш;
давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятини баҳолаш механизми;
фаолият самарадорлигини баҳолашнинг бошқа методлари (баҳолаш интервьюси, “360 даража” баҳолаш);
баҳоланувчи давлат фуқаролик хизматчиси ЭМСКнинг мақсадли кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масалаларида, шунингдек амалдаги ЭМСКни ҳисоблаш натижалари бўйича бевосита раҳбарининг қароридан норози бўлган тақдирда мазкур қарор юзасидан юқори турувчи раҳбарга шикоят қилиш тартиби билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинмоқда.
Амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, “Давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш УСЛУБИЯТИ” лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси портали https://regulation.gov.uz/oz/d/68180 га қўйилди.
Ўйлаймизки, ушбу лойиҳа билан барча давлат хизматчилари танишиб, лойиҳани такомиллаштириш юзасидан ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирадилар.
Келгусида ушбу таклиф ва тавсиялар асосида Услубият лойиҳаси такомиллаштириб, амалиётга жорий этилади ҳамда пировард мақсад — аҳоли розилигига эришилади.
Отабек РАХИМОВ,
Агентликнинг Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти бош инспектори