Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун навбатдаги қисқа муддатли малака ошириш курси бошланди

14:49 - 31 октябр 2022 Янгиликлар
642

Ўқувлар Давлат бошқаруви академияси ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ташкил этилди. Унда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси масъул вакиллари, номзодлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тараққий этган давлатларнинг ҳар бир жабҳада юқори натижаларга эришишининг асосий сабабларидан бири – бу самарали ва рақобатбардош давлат аппаратининг мавжудлигидадир. Малакали раҳбар кадрлар корпуси эса мазкур аппаратнинг ўзагини ташкил этади. Албатта, бунда давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти ҳам мазмунан, ҳам шаклан фарқланади, аммо уларни ягона мақсад бирлаштиради, у ҳам бўлса, халқнинг турмушини яхшилаш ва одамларни рози қилиш.

Маълумки, жорий йилнинг 8 августида давлатимиз раҳбари “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, унинг 25-моддаси “Миллий кадрлар захираси” деб номланади. Ушбу моддага мувофиқ, Миллий кадрлар захираси — давлат фуқаролик хизматчиларини марказлаштирилган ҳолда саралаб олиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз малакасини ошириш тизимидир.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқариш, давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.

Аввал хабар берганимиздек, бугунги кунга келиб давлат органлари ва ташкилотларидаги раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш ишлари амалга оширилди.

Миллий кадрлар захирасига олинган бир гуруҳ давлат фуқаролик хизматчилари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида малака оширмоқда. Жумладан, бугун Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан Миллий кадрлар захирасига олинган номзодлар учун бир ҳафталик махсус малака ошириш курси бошланди.

Ўқув тингловчиларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими, коррупцияга қарши кураш, давлат хизматини рақамлаштириш, бошқарув маҳорати йўналишларидаги интеллектуал ва профессионал салоҳиятини оширишга қаратилган. Тингловчилар 2 босқичда, онлайн ва офлайн тарзда малака оширмоқда.  

Номзодлар учун ўқув  давомида ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар ташкил этилади.

Тегишли барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Академиянинг профессор-ўқитувчилари томонидан:

Бугунги кундаги замонавий раҳбар қиёфаси,

Ҳокимлик институти: институционал ва функционал масалалар,

Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш,

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти,

Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари,

Қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш ва қайта фойдаланишга киритиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишнинг асосий йўналишлари,

Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими – ёшлар дастурлари ва ёшлар баланси,

Юқори малакали амалиётчилар билан суҳбат, маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан ишлаш механизмлари,

Раҳбар одоб-ахлоқи, Давлат хизматчиларида лидерлик ва профессионал мослашув кўникмаларини шакллантириш,

Давлат хизматида жамоатчилик билан алоқалар ва медиа саводхонлик,

Тадбиркорликни барча йўналишларини ривожлантириш дастурлари
доирасида лойиҳаларни танлаш ҳамда кредитларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш, 

Тайм-менежмент, унинг мақсадини белгилаш, иш юкламасини самарали тақсимлаш ва топшириқни узатиш, дипломатик протокол ва хизмат этикети, меҳмонларни қабул қилиш (ташрифлар). протокол ва этикет меъёрлари,

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш,

Ҳудудларнинг стратегик мақсадларини амалга оширишда ўзгаришларни бошқариш ва форсайт каби бир қатор муҳим йўналишларда бугунги кун раҳбарлари учун зарур билимлар берилади, масъул раҳбарлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Миллий кадрлар захираси – бу малакали кадрлар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган, давлат фуқаролик хизматини малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайдиган маълумотлар базаси ҳисобланади. Миллий кадрлар захираси давлат секторида раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш, унинг сифатини яхшилаш, давлат хизматчисининг касбий билимини ошириш ҳамда хизматда лавозими бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун тизим илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида такомиллашди. Мақсад — давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олдини олиш, миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш.

 

Чоп этиш