Истиқболли бошқарув кадрларни саралаб олиш ва тайёрлашнинг замонавий тизими жорий этилмоқда
Мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматининг жозибадорлигини ошириш, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқара оладиган салоҳиятли ва ташаббускор давлат фуқаролик хизматчисини шакллантириш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.
Сўнгги йилларда давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларини профессионал сифатларга эга, салоҳиятли ва энг муносиб кадрлар билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, унга кўра давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш, салоҳиятли раҳбар кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантириш тизими яратилди.
Бугунги кунда салоҳиятли ва истиқболли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда Миллий кадрлар захирасига киришда барча фуқароларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида Истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш ва тайёрлаш бўйича “100 нафар илғор етакчи” Дастури жорий этилмоқда.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мазкур Дастурни ишлаб чиқиш жараёнида илғор ва ривожланган давлатларда (АҚШ, Европа давлатлари, Япония, Жанубий Корея, БАА, РФ) жорий этилган ўхшаш дастурлар тажрибаси ўрганилди. Хусусан, ривожланган мамлакатларнинг тажрибасига кўра, давлат бошқаруви тизимига номзодларни очиқ танлов асосида саралаб олиш, номзодларга қўйилган минимал талаблар, касбий компетенциялар асосида ўқитиш, танлов ғолибларини моддий рағбатлантириш, пул мукофотлари бериш ҳамда юқори лавозимларга тайинлаш ёки захирага кириш имкониятлари мавжудлиги аниқланди.
Илғор хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки ёш мутахассисларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш орқали давлат хизматига иқтидорли, салоҳиятли кадрларни жалб қилишга замин яратади.
Дастурдан кўзланган мақсад ҳам истиқболли бошқарув кадрларни очиқ танлов асосида саралаб олиш, танлов ғолибларида бошқарув кўникмаларини шакллантиришга қаратилган махсус ўқув дастури асосида ўқитиш, уларни маҳаллий ва хорижий стажировкага юборишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини ташкил этишдан иборат.
Дастурнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш, очиқ танловни юқори савияда ташкил этиш учун вазирлик, идораларнинг раҳбарларидан иборат таркибда Республика комиссияси шакллантирилиши назарда тутилган.
Танловда давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, ёшлар, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар иштирок этиши мумкинлиги белгиланмоқда. Танлов якунига кўра 100 нафар ғолиблар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Шунингдек, танлов ғолиблари бир йил давомида:
шахсий ривожланиш режасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
икки ойлик махсус ўқув дастури асосида таҳсил олади;
давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарларига “дублёр” сифатида бириктирилган ҳолда камида уч ойлик маҳаллий стажировка ўтайди;
ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида камида бир ойлик стажировка ўтайди.
Юқоридаги шахсий ривожланиш режасини тўлиқ ва муваффақиятли бажарган, махсус ўқув дастурини муваффақиятли якунлаган ҳамда маҳаллий ва хорижий стажировкаларни тўлиқ ўтаган ғолиблар Миллий кадрлар захирасига киритилиши белгиланган.
Ойбек САЙИДУМАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими